Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида жорий йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Венгрия Президенти Каталин Новак ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди.

Мулоқот давомида давлатлар раҳбарлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия мамлакатларининг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 3 баробарга ортганини таъкидлаб ўтди. Учрашув якунига кўра, томонлар савдо-иқтисодий, инвестицион ҳамкорликни ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олди.

Ўзбекистон – Венгрия бизнес-форуми доирасида икки мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлари имзолаган келишувлари орасида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “BMB Trade Group” қўшма корхонаси ҳамда Венгриянинг “KITE” компанияси Жиззах вилоятида интенсив боғлар барпо этиш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишиб олган. Шунингдек, келишувда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция лойиҳаси ҳам бор.

Маълумот учун, “KITE” компанияси 1975 йилда ташкил топган бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб берувчи ҳамда илғор технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда етакчилардан бири ҳисобланади. Мазкур компаниянинг 25 та филиали мавжуд, унда 1 минг 700 нафар ходим ишлайди. Бугунги кунда “KITE” Венгриянинг “Топ-30” компаниялари қаторидан муқим ўрин эгаллаган. Компания активлари ҳажми 1 миллиард 500 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йиллик айланмаси 955 миллион долларни ташкил этади.

Яқин кунларда, Венгриядан “KITE” компанияси делегациясининг эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича Жиззах вилоятига ташрифи кутилмоқда.

“BMB Trade Group” ва “KITE” компанияларининг қўшма инвестицион лойиҳаси Ўзбекистон – Венгрия мамлакатлари ўртасидаги дўстона ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

А.Қаюмов,ЎзА