Самарқанд шаҳридаги “Сартепа” спорт мажмуасида камондан отиш бўйича аёллар ўртасида “Тўмарис кубоги” иккинчи халқаро турнири старт олди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Осиё камондан отиш федерацияси вице-президенти Кази Ражиб Аҳмед Чапол, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари Мамиржон Ғаниев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, турнир қатнашчиларига муваффақият тилади.

Мазкур мусобақа давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 17 июндаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йил Самарқандда илк бор халқаро турнир сифатида ўтказилган эди. Бу йилги турнирда юртимиз вакиллари билан бирга Бангладеш, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 55 нафар мерган қатнашмоқда.

– Ўтган йил мазкур мусобақада терма жамоамиз билан учинчи ўринни қўлга киритган эдик, – дейди камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Мунира Нурмонова. – Бу йил пухта тайёргарлик кўрдик ва чемпионлик учун курашамиз.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА