Президентимизнинг Венгрияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик, имзоланган икки томонлама ҳужжатлар тўплами хусусида нафақат маҳаллий, балки хорижий экспертлар ҳам илиқ муносабат билдирмоқда.


Хосе Вентура Баллестер, Испания Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси (FESEI) халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи:

– Ушбу ташриф икки мамлакат муносабатини амалий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Европа Иттифоқига аъзо Венгрия билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқа кейинги йилларда жадаллик касб этган олий даражадаги сиёсий мулоқот туфайли изчил ривожланиб бормоқда.

Давлат раҳбарларининг 2019 йил Тошкентда бўлиб ўтган музокараси Шарқ ва Ғарб самарали мулоқотининг ёрқин намунасига айланди. Давлатлараро кенг кўламли алоқани сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Энг муҳими, Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Венгрия ЕИнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни энг юқори даражага олиб чиққан биринчи давлатидир.

Ўзбекистон раҳбарининг ҳамкорликни йўлга қўйишга концептуал ва прагматик ёндашувини инобатга олган ҳолда, музокарада асосий урғу савдо-иқтисодий ҳамкорликка қаратилди.

Бугунги кунда ўзаро саъй-ҳаракат туфайли шериклик йил сайин чуқурлашмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошди ва бу ижобий тамойил йилдан-йилга мустаҳкамланяпти.

Умуман, ҳар икки давлат доимо умумий манфаатга эга соҳаларда ҳамкорликни изчил кенгайтиришга интилаётгани эътиборга сазовор, деб ҳисоблайман.


О Ин Кёнг, Жанубий Кореядаги Евроосиё туркшунослик институти директори, профессор:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи икки томонлама муносабат тарихида муҳим босқич ҳисобланади. Зеро, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа марказида жойлашган ушбу мамлакат билан барча жабҳалардаги алоқа жадал суръатда ривожланиши натижасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври бошланди.

Ўтган йил Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди. Ўшанда томонлар Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзолаб, сиёсий шерикликни юқори даражага кўтарган эди.

Икки мамлакат етакчиларининг навбатдаги учрашуви ва эришилган келишувлар муносабатни янада мустаҳкамлади. Музокарада турли йўналишлар, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳадаги муносабатни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзаро савдо кўламини кенгайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуаси, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма Лойиҳа ва дастурларга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар икки мамлакат бозорларига етказиб берилаётган маҳсулот миқдорини ошириш, саноат кооперациясини кучайтириш, олий таълим, спорт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳалар амалга оширишга келишиб олди.

Музокара якунида имзоланган Қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами истиқболда Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтиради.

Ташрифнинг яна бир жиҳатига алоҳида тўхталишни истар эдим. Ўзбекистон Президенти қайси давлатга ташриф билан бормасин, албатта, ўша мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувга алоҳида вақт ажратади. Венгрияда ҳам шу анъана давом этди. Ш.Мирзиёев Венгриянинг етакчи компаниялари, банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, мутасаддиларни янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда янада яқин ҳамкорлик қилишга чақирди.

Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитни юксак баҳолади ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришга жиддий қизиқиш билдирди.

Хақиқатан, Ўзбекистон Марказий Осиёда, Венгрия эса Марказий Европада стратегик муҳим ўрин тутган давлатлар саналади. Ўзбек ва венгр халқлари бой тарихи, ноёб маънавий-маданий мероси, жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аждодлари билан фахрланади.

Шу маънода айтиш мумкин-ки, салкам 10 миллион аҳолига эга, иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётган Венгрия Ўзбекистоннинг Марказий Европадаги энг муҳим шерикларидан бири. Қолаверса, икки мамлакат Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам ўзаро алоқани ривожлантиришдан манфаатдор.

Ўзбекистон раҳбарининг Венгрияга расмий ташрифи натижаларга бой бўлди. Икки мамлакат етакчилари ўртасида конструктив мулоқот давом эттирилиши давлатлараро муносабат янада ривожланишига хизмат қилади.


Холид Таймур Акрам, Покистон «Умумий келажак жамияти» таҳлил маркази ижрочи директори:

– Ўзбекистон Президентининг Венгрияга расмий ташрифи минтақавий ўзаро боғлиқликнинг муҳим даврига тўғри келди. Венгрия Марказий Европада катта салоҳиятга эга давлат ҳисоблангани ҳолда, кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг фаол аъзоси ҳамдир.

Шу нуқтаи назардан Венгриянинг Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорлиги биргаликдаги тараққиётга янги суръат бағишлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Будапештга ташрифи давомида Венгрия Президенти Каталина Новак ва Бош вазир Виктор Орбан билан музокара ўтказди.

Турли соҳаларда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қўшма лойиҳалар, иқтисодиёт, савдо-саноат кооперациясини кенгайтириш соҳаларида янада кенг кўламли ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама этди.

Қўшма баёнот ва қатор битимлар имзоланди. Ўйлайманки, ташриф якуни минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳар икки давлат учун фойдали. Ҳар икки давлат етакчиси доно сиёсати ва муваффақиятли давлат бошқаруви билан жаҳонда ном қозонган.

Ушбу ташриф кўп томонлама ҳамкорлик ва алоқани кенгайтириш учун янги имконият яратишига аминман.

ЎзА