Пойтахтимизда “Бир макон, бир йўл: имкониятлар ва муаммолар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Алфраганус, Туркиянинг Нажмиддин Эрбакан номидаги давлат университетлари, Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро университети, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Туркия, Македония ва Қозоғистоннинг нуфузли олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур конференцияда бериладиган маълумотлар, тингланадиган маърузалар юртимиз таълим тизими имкониятларини яна бир бор дунёга намоён этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айнан олий таълим тизими ёшларда меҳнат бозори учун зарур бўлган кўникма ва компетенцияларни шакллантиришда, фаол фуқаро бўлиб шаклланишида ва ижтимоийлашувида муҳим ўрин тутади.

Қамров билан бир қаторда таълим сифатини ҳам таъминлаш бугунги кунда долзарб бўлиб турибди. Жаҳон банкининг Инсон капитали индекси тадқиқот натижаларига кўра, амалдаги таълим тизими ёшларга ўз салоҳиятининг ўртача 62 фоизини рўёбга чиқариш имконини бермоқда. Пандемия сабабли таълим сифатини таъминлаш долзарблиги нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда биринчи рақамли вазифага айланди.

Тадбирда олий таълимнинг асосий вазифаси ёшларни нафақат меҳнат бозорига тайёрлаш, балки ҳаётда ҳар жабҳада муваффақиятга эга бўлиши ва фаол фуқаро сифатида шаклланиши учун зарур кўникмаларни шакллантириш экани таъкидланди.

Конференциянинг мақсади халқаро стандартлар даражасида жаҳон меҳнат бозорига зарур бўлган кадрларни тайёрлаш ва уларнинг халқаро илмий маконда рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА