Тадбиркорлик қилиш истаги бўлган шахс ишни аввало нималардан бошлаши кераклигини билиши, соҳадаги махсус билимлар, тадбиркорлик кўникмаларидан ташқари банк соҳасидаги молиявий билимларнинг етарлилигига эътибор қаратиши муҳим. Зеро, тижорат банклари ҳисобидан ажратилган кредитнинг тўғри ишлатилиши тадбиркорга даромад олиб келишдан ташқари бизнесини кенгайтиришга йўл очади.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қарорларига мувофиқ, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилган.

Хўш, оилавий тадбиркорлик қилиш учун кредит олишнинг қандай шартлари бор? 

Марказий банк департаменти бошқарма бошлиғи Турғун Ҳакимовнинг қайд этишича, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига умумий тартибда асосий қарз бўйича 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилади.

Мазкур кредит турлари жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик субъектларига айрим турдаги фаолиятни ташкил этиш учун тадбиркорнинг бизнес-режаси, даромадлилик даражаси ва кредитларни қайтариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳунармандчилик, косибчилик, умуман олганда, амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган кичик ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш борасидаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадларига ажратилади.

Қайд этилишича, жорий йилда имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига — 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача имтиёзли кредит маблағлари ажратилади ҳамда чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга кредит берилади.

Шунингдек, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш учун — 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.

Чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.

Айрим турдаги фаолиятларга (яъни: касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш учун) 5 миллион сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2022 йилда йўналтириладиган 10 триллион сўм маблағнинг 7 триллион 620 миллиард сўми аввал берилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобидан ажратилади.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси билан тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит берилади.

Шунингдек, 225 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги кредитлар кредит олиш истагини билдирувчи тадбиркорлик субъектларига ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида берилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА