Ўзбекистон Венгрия билан биргаликда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб, МДҲ, Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш учун қўшма корхоналар ташкил этишни мақсад қилмоқда,

Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги давлатимиз раҳбарининг Венгрияга расмий ташрифига бағишлаб, мамлакатимиз Президенти матбуот хизматига таянган ҳолда эълон қилган хабарида  шундай дейилади.
Мақолада Шавкат Мирзиёевнинг 3-4 октябрь кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлгани, Бош вазир Виктор Орбан билан музокара ўтказгани айтилади.

«Томонлар ўзаро имтиёз, преференция тақдим этиш, биргаликда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қўшма корхоналар ташкил этиб, МДҲ, Осиё ва Яқин Шарқ бозорига чиқишни режалаштирмоқда», таъкидланади ахборотда.

Қайд этилишича, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновация, рақамлаштириш, транспорт, илмий тадқиқот каби қатор йўналишлар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича истиқболли соҳалар сифатида кўрилмоқда.
Икки мамлакат ҳукуматларига яқин вақт ичида устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этиш вазифаси топширилди. Ўзбекистоннинг Будапаштда дипломатик миссиясини очиш бўйича ҳам келишувга эришилган. Бундан кўзланган мақсад эришилган келишувларнинг амалиётга тадбиқ этилишига кўмаклашиш. Шунингдек, Венгрия Бош вазири шу йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади, дея қўшимча қилинган хабарда.

С.Раҳимов, 
ЎзА