Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш мақсадида қатор спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, тўгараклар ташкил қилиш, “Спорт маликалари” ҳафталикларини ўтказиш, “Президент кубоги” мусобақаларини жорий этиш вазифаси юклатилган.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан хотин-қизлар ўртасида спортнинг  гимнастрада турлари бўйича “Президенти кубоги” мусобақасининг республика (финал) босқичи 14 октябрда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур мусобақада 450 нафар спортчи хотин-қизлар иштирок этиши назарда тутилган.

Шу муносабат билан вазирликда бўлиб ўтган тадбирда мусобақани шаффоф ҳамда кўтаринки руҳда ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, ташкилот ва идора ходимлари ўртасида мини футбол бўйича “Раҳбар кубоги”ни ўтказиш масаласи ҳам кўтарилди. Ушбу мусобақа ҳам маҳалла, туман(шаҳар), вилоят, республика босқичида ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда туман ҳамда вилоятларда жадаллик билан ўтказилмоқда. Ушбу мусобақанинг финал босқичи жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Н.Раҳмонова,  
ЎзА