Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбектелеком” АК мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Сўнгги йилларда компания томонидан аҳолига тақдим этиб келинаётган телекоммуникация хизматлари сифати ва имкониятларини янада яхшилаш ҳамда улардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда мамлакатимиз, хусусан, Самарқанд вилояти нуфузли ва улкан сиёсий аҳамиятга эга саммитга мезбонлик қилди. Шу муносабат билан UZTELECOM томонидан ҳудудда мобил ва кенг полосали интернетнинг юқори сифатини кафолатлаш учун барча имкониятлардан фойдаланилди.

Мисол учун, Самарқанд вилояти марказига транспорт тармоқларининг ўтказиш қобилияти (600 Гбит/с), вилоят марказларида эса (60 Гбит/с) эришилди. Сайёҳлик маркази учун умумий узунлиги 69 км бўлган оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 22 та мобил алоқа база станцияси фойдаланишга топширилди, 6 та база станциялари модернизация қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент-Самарқанд йўналишида 17 та мобил алоқа таянч станциялари қурилди. Шаҳар бўйлаб алоқа сигналларининг кенгроқ тарқалиши, унинг янги туристик марказ мажмуасидаги биноларга яхшироқ кириб бориши учун замонавий 5G технологиясига асосланган 5 та база станцияси ишга туширилди.

Таъкидланишича, синовлар натижасида 1209 Мбит/с энг юқори тезликка эришилди, бу 4G технологияларига нисбатан юқори ўтказувчанликни таъминлайди, қурилмалар ўртасида ўта ишончли кенг кўламли алоқа тизимларини яратади, шунингдек, 4G ускунасига қараганда сигналнинг камроқ кечикишини кафолатлайди ва батарея энергияси сарфини камайтиради.

– UZTELECOM технологик тараққиётга анъанавий тарзда алоҳида эътибор қаратади, – дейди “Ўзбектелеком” АК Бош директорнинг истиқболли ривожлантириш ва инновациялар бўйича ўринбосари Акмал Орифжонов. – Биз Ўзбекистонда абонентларга биринчи бўлиб энг замонавий ечимлар ва алоқа стандартларини таклиф қиламиз. Хусусан, ўтган йил давомида биз халқаро ахборот-коммуникация тармоқларига уланиш тезлигини 1800 Гбит/с гача оширган бўлсак, жорий йил ушбу кўрсаткични 3200 Гбит/с га етказдик. 2021 йил давомида 50 минг кмдан ортиқ оптик толали алоқа линияларини ётқиздик, натижада ушбу линияларнинг узунлиги 130 минг км ни ташкил этди. 2022 йил сўнгигача ушбу кўрсаткич 151 минг 247 км ни ташкил қилади. Тошкент ва барча вилоят марказларида 5G стандартидаги таянч база станциялари ўрнатилади. Шу билан бирга, 2021 йил давомида 902 та қўшимча база станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 минг 233 тага етказилди.

Ўтган давр мобайнидаги яна бир муҳим янгилик, Президентимиз ташаббуси билан тамал тоши қўйилган UZTELECOMнинг замонавий офиси ишга туширилганлигидир. Айтиш керакки, Компаниянинг HI-Tech услубида барпо этилган янги бош офиси ўзида яратилган қулайликлар билан аҳолига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда алоқа соҳасини ривожлантиришда жойларда замонавий телекоммуникация маҳсулотлари қўлланилмоқда. Шу боис, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳам долзарб аҳамият касб этади. Бу жараёнда “Жиззах” ва “Навоий” эркин иқтисодий зоналарида ҳамкорликда асос солинган қўшма корхоналар фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, “Ўзбектелеком” АК ва Жанубий Корея компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган ва йилига 50 минг км оптик толали алоқа кабели ишлаб чиқариш қувватига эга “Global Optical Communication Uzbekistan” қўшма корхонаси ҳамда йилига 120 минг дона телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд “Telekom innovations” МЧЖ, шунингдек 50 турдан ортиқ телекоммуникация асбоблари ва электр маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган “Telecom devices pro” МЧЖ фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

Аҳамиятли жиҳати, мазкур корхоналар фаолияти йўлга қўйилгач, GPON модемлари, Wi-Fi, Mi-Fi ва CPE роутерлари, шунингдек, планшет, моноблок, IPTV set-top-box, USB модем ҳамда болалар ақлли соати, CDMA-450 ва GSM стандартидаги стационар ва мобил телефонлар, стационар телефонлар, GPON тизимида ишлайдиган ONT терминал, сплиттер каби телекоммуникация қурилмалари ва LED панеллар, қуёш энергиясида ишловчи кўча ёритгичлари, ток ўтказувчи ҳамда зарядловчи қурилма сингари бир қатор электр маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳам маҳаллийлаштирилди.

Айни шу жабҳалардаги натижалар кўламини кенгайтириш мақсадида ШҲТ Самарқанд саммити доирасида “Ўзбектелеком” АК мамлакатимиздаги мавжуд инфратузилмани модернизациялаш ва бу борада ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш бўйича ижобий натижаларга эришди.

Ушбу тадбирда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ШҲТ Самарқанд саммити доирасида жаҳонда ўз ўрнига эга Хитойнинг телекоммуникация жиҳозларини ишлаб чиқарувчи икки йирик – ZTE ва Huawei компаниялари билан ҳамкорлик келишуви имзолади. Жумладан, Хитой Халқ Республикаси компаниялари билан республикамизда телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича умумий қиймати 506,8 миллион АҚШ долларига тенг 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Huawei ва ZTE корпорациялари ҳамда “Ўзбектелеком” АК ўртасида жами 8 та шартнома имзоланди.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиш натижасида аҳолининг телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва қамрови янада кенгайтирилади. Кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилади.

 

М.Қосимова,  
ЎзА