Муносабат

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари қадимий ва меҳмондўст Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Дунё ҳамжамияти, халқаро сиёсатчи ва экспертлар эътиборини жалб қилган ушбу нуфузли саммитда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарлари, фахрий меҳмонлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш, тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш, экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда бошқа долзарб масалалар қаторида маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш мавзуси ҳам кенг муҳокама қилинди. Бу борада келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олиниб, қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммитда сўзлаган нутқида маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асосини шакллантиришини, халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шерикликнинг гарови эканини алоҳида таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, ШҲТ Низоми ва ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида 2007 йилда имзоланган маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, аъзо давлатлар маданий мулоқот ва гуманитар алмашувларни чуқурлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. “Шанхай руҳи”даги маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва умумий ривожланишга интилиш тамойилларига изчил амал қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даври ҳам маданий-гуманитар тадбирларга ниҳоятда бой бўлди. Ўтказилган 80 дан ортиқ тадбирларнинг чорак қисми маданий-гуманитар соҳага тааллуқлидир. Хусусан, санъат, адабиёт, мусиқа, кинематография ва тасвирий санъат йўналишларида маданиятлар мулоқотини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилди. 2022 йил 19 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг ўн тўққизинчи йиғилишида маданий хилма-хилликни сақлаш, кўп асрлик анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ёшларни турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоялаш каби кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида Музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳасининг маъқулланиши ана шундай муҳокамаларнинг амалий натижаларидан бири бўлди.

Ахборот тарқатиш замон ва макон чегараларини тан олмаётган бугунги глобаллашув даврида маданиятлар ҳамда цивилизациялар ўртасида ўзаро англашув ва конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. ШҲТнинг айни йўналишда кенг кўламда фаолият юритаётгани унинг истиқболини намоён этиш билан бирга, обрў-эътиборини, таъсирчанлигини, ҳаётимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Тузилмага аъзо мамлакатларни муштарак қадриятлар, тарихий-маданий алоқа нуқталари, умумий маданий мерос, этник-маданий яқинлик ва яхши қўшничилик муносабатлари боғлаб туради.

Аждодларимиз ҳамкорлик ва ўзаро ишонч тамойилларига суянган ҳолда инсоният цивилизацияси равнақига беқиёс ҳисса қўшган. Янги тараққиёт йўлида жипслашиш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясида кўп қиррали маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўтган йиллар давомида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш масаласига катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, ЮНЕСКО жаҳон маданий меросига киритган ҳар тўққизинчи объект ШҲТ давлатлари ҳудудида жойлашгани инобатга олинган ҳолда, бу тарихий обида ва меросларнинг маълумот базасини тузиш, қўриқлаш, ҳимояга олиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, маданий ёдгорликлар ноқонуний олиб кетилишига биргаликда қарши туриш, санъат асарларини реставрация қилиш, кутубхона-маълумот хизматлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби амалий ишлар бажарилди. Туризм, театр, мусиқа, кино, телевидение, архив ишлари, ОАВ ўртасида ҳамкорлик борган сари ривожланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида тили, дили, тарихи, чегаралари туташ, қадриятлари яқин миллатларни янада жипслаштиришга ҳисса қўшувчи катта маданий воқеа – ШҲТга аъзо мамлакатлар халқлари эртаклари, мақоллари тўплами нашр этилди. Ушбу китоблар орқали эзгулик тараннуми, яхшилик, мардлик ва жасорат, адолат ҳамда ҳақиқатпарварлик уруғларини қадаш беғубор қалблардан бошланади.

Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган маданий алмашинув дастури қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Жумладан, келгусида ҳар икки мамлакатда “Маданият кунлари” ўтказилади. Томонлар ўз бадиий жамоалари, санъаткорлари, мутахассислари ва олимларининг кўрик-танловларда, санъат фестивалларида, симпозиумларда, илмий конференцияларда ва маданият соҳасидаги бошқа халқаро тадбирларда иштирок этишига, шунингдек, маданий алмашинув мақсадида ўз ижодий жамоалари ва ташкилотларининг гастроль сафарларига ўзаро йўналтирилишига кўмаклашадилар.

Икки давлат театрлари, музейлари, санъат галереялари ва кутубхоналари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилади.

Дастурга мувофиқ, Хоразм вилоятидаги қадимий Хива шаҳрининг тарихий-маданий ёдгорликларини муҳофаза қилиш ва тиклаш соҳасида, Ипак йўли бўйлаб жойлашган маданий-тарихий ёдгорликларни ЮНEСКО рўйхатига киритиш учун аризалар топшириш бўйича ҳамкорлик янада ривожлантирилади. Қўшма археология, ёдгорликлар маданияти кўргазмалари, музейларни бошқариш, маданий ёдгорликлар контрабандасининг олдини олиш, илмий алмашинувлар, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги алоқалар ўзаро қўллаб-қувватланади.

Самарқанддаги тарихий анжуманда “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвонининг таъсис этилиши ташкилот брендини илгари суриш ва унинг қадриятларини оммалаштиришга хизмат қилади. Бу институт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус барча давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиб, унинг долзарблиги таъкидланди. Ушбу унвон маданият, санъат, адабиёт, илм-фан, тасвирий ижод, мусиқа, спорт соҳаларидаги таниқли арбобларга, жамоатчилик эътирофи, ҳурматига сазовор бўлган кишиларга берилиши кўзда тутилган.

Самарқанд саммитида ШҲТ котибияти ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича БМТ (ЮНЕСКО) ўртасида меморандум имзолангани ҳам ташкилотнинг маданий-гуманитар алоқалар миқёси кенгайиб бораётганини англатади.

Саммитда маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун келгуси йилни “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили”, деб эълон қилишни таклиф этди.

Маданиятлар ва анъаналар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш – халқлар ўртасида дўстона мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги имкониятларини очиб беради. Шу маънода, давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар каби ҳамкорликнинг қўшимча форматларини таъсис этишга чақиргани муҳим аҳамиятга эгадир. Маданиятлараро мулоқотнинг рақамли шакллари: виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий конференциялар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилдики, бу биз, маданият ходимларини қувонтириш, руҳлантириш билан бирга, зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.

Келгусида ҳам ШҲТ турли халқлар, миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, уларни яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ҳурмат асосида уйғунликда ривожлантириш, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари ҳақидаги билимларни кенгроқ оммалаштириш асосий диққатимиз марказида бўлади.

Маданий алоқалар маданият ва санъат фестивалларини ўтказиш орқали доимий равишда кенгайиб боради. Театр ва музейлар, архивлар, кутубхоналар, кинокомпаниялар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиришга аҳамият берилади.

Президентимиз саммитда Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келганини таъкидлар экан, шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этди.

Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи” тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир.

Демак, ҳамкорлик шакл ва мазмунан янада кенгаяди. Айниқса, пандемия ва иқтисодий инқироз шароитида гуманистик ҳамкорлик, бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ҳамда қадриятларига ҳурмат тамойиллари одамларни янада жипслаштиради, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайди. Бу эса ШҲТ минтақасида барча мамлакатлар интеграциясида муҳим аҳамият касб этади.

 

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.