Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида мамлакатимизда ташкил этилган саноат зоналари, жумладан, эркин иқтисодий, кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Н.Холмуродов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши вакиллари, вазирлик, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари раҳбарлари ва масъул шахслари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимизда 22 та эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ), 503 та кичик саноат зоналар (КСЗ) ва 211 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ) фаолият кўрсатмоқда.

Йиғилишда вилоят ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари, банк раҳбарлари, ЭИЗ, КСЗ ва ЁСТЗ дирекциялари директорларига мамлакатимизнинг барча саноат зоналаридаги мавжуд бўш турган ер майдонларини “ким ошди” савдосига қўйиш, шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 6 июнда қабул қилинган “Ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташқил қилиш ва уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва мазкур қарор асосида ажратилган маблағларни ўзлаштиришни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Роман БОНДАРЧУК