«Ота-онамнинг танлови билан турмушга чиқдим. Кўп ўтмай, эримнинг жуда асабий ва жаҳли чиққанида ўзини бошқара олмай қолишини сездим. Ҳомиладорлигим ҳам жуда қийинчиликда, калтаклар остида ўтди.

Балки шунинг учундир, дунёга келган фарзандим йиғлоқи, нимжон ва бунинг устига, юраги касал туғилди. Энди фарзандимнинг бемаврид йиғлаши учун калтак остида қолдим. «Нега болани йиғлатасан», деган важ билан бўлиб ўтган навбатдаги жанжалда эрим мени уриб, тан жароҳати етказди. Қўлим синиб, болага қарай олмайдиган ҳолатга тушганимдан сўнг ота-онамни уйига кетишга мажбур бўлдим. Эртаси куни ота-онамникида аҳволим ёмонлиги сабабли туманимиздаги травматология бўлимига ётдим. 7 кун даволандим. Турмуш ўртоғимнинг маҳалласидаги участка нозирига бир неча маротаба мурожаат қилиб, мендан ариза олишига зўрға кўндирдим. Воқеа содир бўлганидан 16 кун ўтиб участка нозири мени суд экспертиза марказига олиб борди. Бу вақтда танамда кўкарган жойлар анча йўқолганди. Бир ҳафтадан ошдики, экспертиза ҳам, участка нозири ҳам жим. Турмуш ўртоғим менга кунда-кунора қўнғироқ қилиб, агар бола билан уйга қайтмасам, мени соғ қўймаслигини айтиб, дўқ-пўписа қилади. Мен ўзимга қилинаётган зулмдан ўзимни ҳам, фарзандимни ҳам асрашни ҳоҳлайман…»

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтган 2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 40 мингга яқин хотин-қизга, жорий йил давомида 32 минг 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Афсуски, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилган.

Аслида оилада содир этиладиган зўравонлик жиноятларнинг яширин тоифасидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойга мурожаат қилади. Уларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Агар ҳақиқий рақамлар аниқланса, содир этилган зўравонлик ҳолатлари кўрсаткичи янада юқорилаши мумкин.

ИИВ ҲПХ бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи оилада, 3 мингдан ортиғи кўчада, мингдан ортиғи жамоат жойида, 81 таси таълим муассасасида, 429 таси иш жойида содир этилган.

2 минг 862 та ҳимоя ордери бериш натижасида маъмурий / жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Элдар Шайдулиннинг таъкидлашича, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига анъанавий мурожаати билан бир қаторда, 24 соатлик телефон линиясига қўнғироқ қилиш орқали ҳимоя зарурлиги тўғрисида ариза беришнинг муқобил вариантини жорий этиш керак. Бу эса ўз навбатида, ҳимоя ордерини бериш тезлигини ва самарадорлигини оширади. Хусусан, ушбу механизм орқали жабрланувчи ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги зарур маълумотларни махсус маълумотлар базасига электрон ордерни расмийлаштириш ҳамда жабрланувчи ва унинг жойлашган жойидаги профилактика инспекторини хабардор қилиш орқали тезкорлик билан киритиш мумкин. Шу тарзда ҳимоя ордери имкон қадар тез ва самарали ишлай бошлайди.

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми – 17 миллионини хотин-қизлар ташкил этади.

– Ҳаётдан шу қадар совидим-ки, фақат ўзимни ўлдираман, ўзимни осаман, деган фикр менга тинчлик бермасди, – дейди Бухоролик 39 ёшли Мунаввар (исми ўзгартирилган). – Нима қилсам, узоқларга чиқиб кетсамми? деган хаёл билан тунлари ухлай олмасдим. Энг ёмони – инсон руҳиятининг синиши экан. Ҳар куни эримнинг ҳақоратли сўзлари, жанжалларидан безиб, босим остида қўрқув билан яшаётгандим. Шу қадар асабий эдимки, нафасим сиқиб, эркин нафас ололмасдим.

Ҳуқуқшунос, психолог шифокорлар кўмагида Мунавварнинг ҳаёти изига туша бошлади.

– Эътибор берсам, маҳалламизда ошхона йўқ экан, бу ердан ошхона очиш фикри менга ёрдам беришни истаган мутасаддиларга ҳам маъқул бўлди, – дейди Мунаввар. – Яқин атрофда яшовчи ўзимга ўхшаб қийналган уч дугонамни чақириб, ишни нимадан бошлашни келишиб олдик. Кейин турли таомлардан кам-камдан тайёрладик. Уйимиз ёнидаги мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари биринчи харидор бўлишди. Ўтган уч ойда анча-мунча мижозга эга бўлдик. Фойда ҳам кўрдик. Яна ўнтача иш ўрни яратмоқчимиз. Бу ютуқдан ўзимга ишончим ошди, завқланиб, умид билан яшашнинг қадрига етдим.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоеванинг сўзларига кўра, бугунги кунда чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар учун ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 135 та ижтимоий маслаҳатхона ташкил этилган. Ушбу марказлар орқали 5 000 нафардан ортиқ хотин-қизларга маслаҳатлар ва тавсиялар берилмоқда.

Аслини олганда ҳимоя ордери ҳам, реабилитация марказлари ҳам вақтинчалик, улар хотин-қизларни доимий ҳимоя қилиш имкониятини бермайди. Аёлларга ўз ҳуқуқларини таништириб бориш, уларнинг таълим олиши ва иш билан бандлигини ошириш каби тизимли ёндашувлар керакдир. Жамиятнинг тараққий этиши ҳам айни шу кўзланган мақсадга бевосита боғлиқдир.Аёлни рози қилиш эса оилалардаги муҳитни яхшилашга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА