Душанба куни Сомалининг Беледуэйне шаҳри марказий қисмида уч маротаба портлаш содир этилди. Ҳалок бўлганлар сони 20 кишига етди, деб ёзмоқда Somali Guardian янгиликлар портали.

Учинчи портлаш полиция идорасига йўналтирилгани айтилмоқда. Портлаш пайтида кўчадан Эфиопия ва Жибути ҳарбийлари карвони ўтаётган бўлган. Улар аввалги иккита портлашдан кейин қутқарув амалиётини ўтказиш учун етиб келишган эди.

Аввалроқ Associated Press агентлиги Сомалининг Хиршабелле штати маъмуриятига таяниб иккита портлаш оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди. Штат губернатори Али Жейте Османнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида ҳудудий ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш вазири Закария Муҳаммад ҳам бор. Somali Guardian нашрининг ёзишича, портлаш оқибатида Хиршабелле штати парламенти аъзоси, Хиран вилояти губернатори ўринбосари, полиция полковниги ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Биринчи портлаш Беледуэйнедаги армия базаси яқинида, иккинчи портлаш маъмурий бино қаршисида содир этилгани айтилмоқда. Икки ҳолатда ҳам портловчи модда юкланган автомобилдан фойдаланилган. Ҳукумат портлаш «Аш-Шабаб» гуруҳи томонидан амалга оширилган, демоқда.