Ҳар бир давлат ривожининг асоси, бу – илм-фан билан бевосита боғлиқ. Илм-фаннинг «локомотиви» олимлар саналиб, уларнинг илмий фаолияти ўлчови илмметрия ҳисобланади. Илмметрия нима? Унинг давлат ва жамият ривожидаги ўрни қандай?

Илмметриянинг илм-фан ривожидаги ўрни хусусида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази Илмметрия сектори мудири Диана Абдумўминованинг фикри билан танишсак:

– Илмметрия (Наукометрия) – инглизчада «Scientometrics» – илм-фанни ўлчаш маъносини англатиб, бу атама фанга илк бор 1969 йилда кириб келган. Илмметрия илмий жамоатчилик вакиллари учун ниҳоятда муҳим ўлчов деб айтсак, тўғри бўлади. Илмметриянинг бир нечта кўрсаткичлари мавжуд. Жумладан:

  • Иқтибослар индекси;
  • Илмий журналнинг иқтибослар индекси;
  • Импакт-фактор;
  • Хирш индекси;
  • Квартил (чорак) Q дан иборат.

Булардан энг муҳими иқтибослар кўрсаткичи ҳисобланиб, унда тадқиқот ишига берилган иқтибослар сони ва сифати ўлчанади. Мазкур натижаларни таҳлил этиш асносида олим, ОТМ ва ИТМлар илмий натижадорлик кўрсаткичларини аниқлаш ва махсус рейтинглар шакллантириш мумкин.

Мисол учун, 2021 йилда маҳаллий олимлар томонидан «Scopus» маълумотлар базасида чоп этилган илмий мақолалар бўйича таҳлил ўтказилди. Тадқиқот натижасига кўра базадаги энг кўп мақолалар муҳандислик йўналишида (11.8 фоиз), энг кам натижа эса (2.2 фоиз) кимё йўналишида экан.

 

ИҚТИБОСЛАР СОНИ БЎЙИЧА ЕТАКЧИ ОТМ ВА ИТМЛАР…

– Илмметриянинг жамиятдаги энг аҳамиятли жиҳатидан яна бири қайси соҳаларда илм-фан тезроқ ва сифатлироқ ривожланаётганлиги ва қайси йўналишга туртки кераклигини аниқлаш. Маълум вақт давомида математика, физика фанларига бўлган эътибор бироз кам бўлган. Бугун эса, соҳаларга берилаётган эътибор ва илмметрик тадқиқотлар асносида, илмий ўсиш сезиларли ортди.

Фанлар кесимида олиб борилган таҳлилларга кўра, фанлар ривожланиши тенденцияси йилдан-йилга жаҳон миқёсида ўзгариб бормоқда. Олинган натижалар келажакда энг кўп талаб қилинадиган соҳаларни аниқлашда, меҳнат бозорида истиқболли йўналишларни ва иш ўринларини яратишга ҳам имкон беради.

Илмметриянинг кўрсаткичлари орқали олиб борилган таҳлил хулосаларига кўра, мамлакатда сўнгги йилларда компьютер технологиялари ва физика-математика йўналишлари актуал соҳалар қаторидан жой олган. Ҳатто, талабалар ўртасида ҳам ушбу фанларга бўлган талаб ортган, – дейди Диана.

Мазкур тадқиқотларнинг яна бир муҳим фойдали жиҳати, бу – мамлакат имижини оширишдаги ўрни ҳисобланади. Бугунга келиб, H-index юқори бўлган математик олим, профессор Аброр Худойбердиев, иқтисодчи олим, профессор Рауф Салахожаевлар бу борада қолган тадқиқотчи олимлар учун ўрнак сифатида кўрсатгулик. Улар ўз натижалари орқали халқаро илмий ҳамжамиятда Ўзбекистон номини танитиб келмоқда.

 

ФАНЛАР КЕСИМИДА ЧОП ЭТИЛГАН МАҚОЛАЛАР КЎРСАТКИЧИ

Илм-фан рейтингини оширишга энг қисқа – 7-10 йил муддат талаб этилади

– Илмметрия соҳасида жаҳон стандартларини жорий этиш мақсадида 2022 йил Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Урал Федерал университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида кўтариш ва сифат даражасини ошириш. Фикримча, мамлакат ўзининг илмий фаолияти даражасидан келиб чиқиб рейтингда кўтарилиш концепциясини ишлаб чиқиши лозим, – дейди Россиянинг Б.Елсин номидаги Урал Федерал университети Илмметрия лабораторияси мудири Марк Акоев.

– Жаҳон рейтингида кўтарилишнинг ўзига хос йўллари мавжуд. Улардан иккита асосийлари:

  • Илмий тадқиқотлар учун давлатнинг моддий қўллови ва миқдор жиҳатдан ортиб бориши;
  • Жаҳон стандартларига мувофиқ малака оширадиган аспирантлар ва докторантлар сонини кўпайтириш.

Илм-фан йўналишида халқаро тажриба алмашиш доимо яхши самара беради. Илмметрия кўрсаткичини оширишувчи бу йўналиш бугун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан хорижга стажировка ўташ кўринишида йўлга қўйилган.

Айнан шу кўрсаткич бўйича қўшни Қозоғистон яхши натижаларга эришган. Улар бу ютуққа хорижий (асосан «йиртқич» журналлар кўпчилиги) журналларда мақола чоп этиш талабини инкор этиб, аспирантларни тадқиқот ўтказиш учун хориж давлатларига йўналтириш билан эришган.

Бу борадаги яна бир ёрқин мисол, Туркия жумҳурияти саналиб, улар докторантларни молиялаштириш миқдорини кўпайтириш орқали диссертация ҳимоясига қўйиладиган талабларни кучайтирди. Тажрибаларга кўра, мамлакатлар рейтингини оширишига энг қисқа муддат 7-10 йилни ташкил этади. Биз имзоланган келишувга асосида Урал Федерал университетининг бу борадаги тажрибасини Ўзбекистон жорий этиб илм-фан ривожига ҳисса қўшмоқчимиз, – деди Марк Акоев.

 

МАҚСАД – ОЛИМЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ЖАҲОНГА ТАНИТИШ

I-EDU GROUP асосчиси Улуғбек Мирзалимов Илмметрияни ривожлантириш бўйича махсус платформанинг ўрни ҳақида шундай дейди:

– Биз яратган “ScienceWeb” платформасининг биринчи муҳим мақсади – маҳаллий ва хорижий олимларнинг фаолиятини жаҳонга танитиш. Илмметриянинг асоси аслида илмий мақолаларнинг сони, иқтибослар кўрсаткичи эмас, балки илм-фан йўналишининг инсонларга кераклилик даражасини ўлчашдан иборат.

Бугун барча соҳада рақамлаштириш устувор аҳамиятга эга, илм-фаннинг илмметрия соҳасида ҳам маҳаллий “ScienceWeb” платформаси яратилди. Платформа орқали халқаро илмий базаларга интеграция/индексация қилишни йўлга қўйиш режалаштирган. Бунда қуйидаги амаллар бажарилади:

  • Олимлар шахсий профиллари орқали илмий мақолаларини юклайди.
  • Уларнинг мақолаларига иқтибослар кўрсаткичини орттириш йўлга қўйилади.

Шунингдек, илмий журналларни ҳам базага киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу тизим маҳаллий илмий журналлар учун халқаро базаларга киритиш имкониятларини тақдим этувчи кўприк бўлиб хизмат қилади. Бу – журналларнинг нуфузи ва халқаро тадқиқотчилар қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда республика бўйлаб илмий ишларни тўғри рақамлаштирмаслик ортидан илмий ишлар, илмий фаолият ва иқтибосларимиз халқаро миқёсда намоён бўлмаяпти.

Мисол учун, “Google Scholar” базасига кирганимизда, Ўзбекистондаги 160 дан ортиқ олий таълим муассасаларидан атиги 35 таси жаҳон рейтингида мавжуд. Агар биз Хитой модели бўйича кетсак, қисқа вақт оралиғида буни йўлга қўйишимиз мумкин. Хитой максимал даражада ҳаракати натижасида 1 йилда ўз миллий базасини яратиб, барча илмий ишларни рақамлаштириш орқали Илмметрик кўрсаткичларини оширган ва дунё рейтингида илмий мақоллар чоп этиш бўйича етакчиликни эгаллаб келмоқда.

 

Азиза АСЛАНОВА,

Илмий-техник ахборот

маркази мутахассиси