Ўзбекистон Республика валюта биржасида илк бор валютавий фьючерс контрактлари билан олди-сотди операцияларини амалга ошириш имконияти яратилди.

Ички валюта бозоридаги ушбу янгилик Марказий банк ва ЎзРВБ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистон Республика валюта биржасида валютавий фьючерс операцияларининг жорий этилиши, ЎзРВБ мобиль иловаси ҳамда ликвидлик провайдерлари фаолиятини йўлга қўйиш” мавзусидаги тақдимотда таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, тадбирда валютавий фьючерс контрактлари, уни жорий этишдаги аҳамиятли жиҳатлар, “UZCE mobile GB” мобиль иловасининг бозор иштирокчилари учун қулайликлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Маълумот ўрнида, валютавий фьючерс контракти – маълум бир миқдордаги валютани (базавий актив) битим тузилган кундаги келишилган нарх бўйича келгусида аниқ бир кунда сотиш ёки сотиб олиш шартномасидир.

Валютавий фьючерс контрактларининг жорий этилиши ўз навбатида валюта бозорида янги турдаги инструментларнинг пайдо бўлишига ҳамда бу орқали корхоналарнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи шоклар таъсирини юмшатишга имконият яратади.

Ўзбекистон Республика валюта биржаси савдолари иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш мақсадида “UZCE mobile GB” мобиль иловаси ишга туширилди.

Мазкур мобиль илованинг жорий этилишидан асосий мақсад, трейдерларга ЎзРВБдан ва иш жойидан ташқарида давлат қимматли қоғозларини сотиш ва сотиб олишда масофавий иштирок этиш имкониятини бериш, давлат қимматли қоғозлари бозорига оид биржа маълумотлари ва янгиликларидан хабардор бўлиш, давлат қимматли қоғозлари савдо жараёнларини янада фаоллаштиришдан иборат.

“UZCE mobile GB” мобиль иловасидаги мавжуд имкониятлар давлат қимматли қоғозлари бозоридаги аукционлар параметрларига оид маълумотларни кўриш, киритилган буюртмаларни бекор қилиш, давлат қимматли қоғозларини сотиш ёки сотиб олиш бўйича битимлар тузиш, РЕПО битимларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини кўриш, биржа маълумотлари – котировкалар, биржа янгиликлари ва таҳлилий материалларни ёки ушбу бозорга оид бошқа биржа маълумотларини олиш каби афзалликларни яратишга хизмат қилади.

Тадбир доирасида провайдер банклар ва ЎзРВБ ўртасида шартномалар имзолаш ҳамда фьючерс контрактлари билан тест савдолари бўйича ўтказилган турнир ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА