Олий Мажлис Сенати кенгаши мажлисида репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди. Унда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда соғлиқни сақлаш фақат соҳа ходимларининг эмас, балки умумий иш эканига урғу берилди. Чунки аҳолининг саломатлиги энг муҳими. Айниқса, миллат генофондини мустаҳкамлаш учун қизларимизни турмушга тайёрлаш, аёллар соғлиғини муҳофаза этиш зарур. Бунинг учун жойларда зарурий шароитлар яратилиши, қаерда муаммо бор, қаерда қандай ишлар амалга ошириш кераклиги аниқлаштирилиб, манзилли ишлар олиб борилиши керак. Камчиликлар аниқланганда, уни фақат танқид қилиш эмас, амалий таклифлар билдириш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Мажлисда оналик ва болаликнинг муҳофазаси, репродуктив ёшдаги аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, аёллар ва болаларга малакали, ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича республиканинг барча ҳудудларида 17,5 миллион нафардан ортиқ аёллардан 9,1 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлларга 227 та туғруқ муассасалари, 11,3 миллион нафардан зиёд 18 ёшгача бўлган болаларга эса (умумий аҳоли сонининг 32,0 фоизи) 238 болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

Туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўриклардан ўтказиш бўйича тасдиқланган режа-жадвал асосида 2022 йилнинг 8 ойи давомида 9,1 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг 6,7 миллион нафари (74,1 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 42,9 фоизида экстрагенитал касалликлар аниқланган, 75,9 фоизи соғломлаштирилган. Жумладан, 90,4 фоизи амбулатор ва 9,3 фоизи стационар шароитда соғломлаштирилган.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан биргаликда Сенатнинг бирламчи ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, 2021 йилда гўдаклар ўлими 7 минг 214 тани ташкил этган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 160 тага ошган.

Бундан ташқари, ҳудудларда 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури ижроси бўйича қатор камчиликлар мавжуд эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмаган.

Мажлис давомида соҳа мутахассисларининг ушбу йўналишда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари эшитилди.

Билдирилган фикрлардан сўнг бу борада чуқур, тизимли, керак бўлса, танқидий ўрганиш ва таҳлил зарурлигидан келиб чиқиб, Сенати кенгашининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиш бўйича

Ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси бошчилигидаги мазкур ишчи гуруҳ таркибига Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирлик, идора ва муассасалар вакиллари киритилди.

Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат кенгашига аниқ таклифлар киритиши белгиланди.

Муҳокамалар якунида туғруқ муассасаларида оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, туғруқ ёшидаги аёллар тиббий кўригини сифатли ташкил этиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА