Пойтахтимиздаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида ишлаб чиқариш жараёнида ижтимоий стандартлар ва хавфсизлик мезонларига мувофиқлигини сертификатлаш бўйича семинар ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва халқаро “WRAP” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорларга АҚШ корхоналари томонидан қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат. Шу билан бирга ESG стандартларига ва WRAP сертификатлаш тизимига мувофиқлиги, АҚШ ва бошқа хорижий бозорларга чиқиш имкониятлари ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш тизими билан яқиндан таништириш.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, Worldwide Responsible Accredited Production (WRAP) – халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, 2000 йилда ташкил этилган. У ишлаб чиқариш жараёнининг ижтимоий стандартлар ва хавфсизлик мезонларига мувофиқлигини сертификатлаштиришга ихтисослашган. WRAP тўқимачилик корхоналарини ишлаб чиқариш шароитлари, хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жаҳонда тан олинган халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлайди.

Семинарда тўқимачилик саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланганини қайд этди. Тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2021 йилда 2,6 миллиард АҚШ доллари қийматига тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ўсди. Бугунги кунга келиб тўқимачилик корхоналарида 500 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

– Европа Иттифоқи билан “тўқимачилик протоколи”ни ратификация қилиниши, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатларига тўқимачилик маҳсулотларини божсиз экспорт қилиш имконини берувчи GSP+ преференциялар тизимига қўшилиши юртимизнинг тўқимачилик саноатини ислоҳ қилишдаги муҳим қадами бўлди, – дейди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов. – WRAP сертификатлаш тизимини мамлакатимиздаги текстиль корхоналарида жорий этилиши эса ўз навбатида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми ва географиясини ошириш имконини беради.

– Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни МДҲ давлатлари ва Россияга экспорт қиламиз, – дейди “Заррин либос” МЧЖ раҳбар Шерзод Бекназаров. – Америка бозори тўқимачилик тармоғидаги ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун энг жозибадор бозор. Бу давлатга маҳсулот етказиб бериш учун аввало тўқимачилик ва енгил саноат жадал ривожланган мамлакатлар сингари сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришимиз зарур. WRAP ташкилоти тавсиялари асосида иш олиб бориш ушбу соҳадаги ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун янги имконият эшигини очади. Бу эса Америка ва бошқа хорижий бозорларга маҳсулотларимизни янада кўпроқ экспорт қилиш имконини беради.

Йирик ишлаб чиқарувчилар ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар вакиллари учун ўтказилган семинарда, WRAP сертификатлаштириш бўйича тақдимот тингланди. Унда сертификатлаштиришга қўйиладиган талаб ва шартлар, шунингдек, сертификатлаштиришнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА