Ҳозирги кунда Ўзбекистонда миллий туризм модели ривожланиш босқичида бўлиб, унда ўзбек халқининг менталитети – шарқона меҳмондўстлик ва жаҳоннинг олд туристик хизмат стандартлари билан уйғунлашувига эришиш давлатимизнинг асосий мақсадидан бири ҳисобланади.

Туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилиш фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш белгиланган. Хусусан, туроператорлар ва турагентлар – сайёҳлик агентликлари license.gov.uz тизими орқали тегишли ҳужжатларни тақдим этган ва тўлов қилган ҳолда мазкур рухсат бериш тартиб-таомили, мажбуриятларини қабул қилади ва муддатсиз лицензияга эга бўлади.

Бунда экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган жисмоний шахсларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

Экскурсия фаолияти олдиндан тузилган йўналишлар бўйича 1 суткадан ошмайдиган ва тунаб қолишга доир хизматлар кўрсатишни назарда тутмайдиган, маданий мерос объектлари, диққатга сазовор жойлар билан таништириш мақсадида экскурсия етакчиси ҳамроҳлигида экскурсиялар ташкил этишга доир туристик фаолият ҳисобланади.

Яъни, юридик шахс сифатида турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинар эди. Бу эса ўз навбатида фақатгина туристик маҳсулотни тарғиб этиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи шахсларга ортиқча талаб ҳисобланарди ва соҳада фаолият юритувчи тадбиркорларнинг сони ошишига таъсир қилар эди.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ички ва ташқи туризм салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 2022 йил 19 сентябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида турагентларга лицензия талабини бекор қилиб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди. Бунда «Туризм тўғрисида»ги қонун ва Вазир маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Туроператор ва турагентлик хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим бўлади.

Бу орқали юридик шахс шаклидаги қўшимча 1 мингта турагент пайдо бўлишига имконият яратилади. Туроператорлар ва турагентлар фаолиятини амалга оширишда лицензия беришнинг асосий талаблари ва шартларидан бири «Чиқиш туризми» йўналиши бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиш талаби янги ўрнатиладиган тартибда фаолиятнинг асосий талаби сифатида сақланиши лозим.

Туроператорлар ва турагентларнинг асосий фарқи шундаки, туристик оператор маҳсулотнинг «яратувчиси» ҳисобланади, турагент эса бундай маҳсулотдан фақат туристик оператор хизматларини қайта сотиш орқали фойдаланади. Турагентлар фақат фаолият доираси чекланган воситачилардир. Қисқача айтганда, сайёҳлик агентлиги туроператорнинг талабларига мувофиқ виза, тиббий суғурта, чипталар ва керакли ҳужжатларни тўплаш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда халқаро туризмни ривожлантириш, туристик салоҳиятдан оқилона фойдаланиш мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятининг ривожланишига, валюта тушумининг ўсишига, экспорт таркибининг такомиллашиши ва хилма-хиллиги ошишига катта ижобий таъсир кўрсатади.

Мазкур тадбирда 2023 йилда туризм экспортини камида $2 млрд.га етказиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланди.

Хусусан, Туризм вазирлиги ва вилоят ҳокимлари олдига янги имкониятлардан фойдаланиб, келгуси йилда камида 7 млн. хорижий ва 12 млн. ички туристларни жалб қилиш вазифаси қўйилди. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун эса мамлакатимизда фаолият юритаётган туроператор ва турагентларнинг сонини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Дилафруз ЮСУПОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими