2022 йил 22 сентябрь куни Душанбе шаҳрида МДҲ давлатларининг “Ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш” бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг  XXV сессияси ўз ишини бошлади.

Сессия йиғилишида Ҳукуматлараро кенгашга аъзо Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Ўзбекистон республикалари иштирок этмоқда. Шунингдек, сессияда видео конференцалоқа орқали Молдова, МДҲ ижро қўмитаси делегацияси ҳам қатнашмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси раиси ўринбосари А.Қодирхўжаев Ҳукуматлараро кенгашга раислик қилувчи сифатида ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида ҳисобот берди.

Мазкур ҳисобот МДҲ давлатларининг “Минерал-хомашё ресурсларини ўрганиш, қидириш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишув”и талаблари ва қоидаларини бажарилишига бағишланди.

“Ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш” бўйича Ҳукуматлараро кенгаши 1997 йил 27 мартда минераль-хомашё захираларини қидириш, ўрганиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга кўра ташкил этилган

Ҳукуматлараро кенгаш фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири МДҲ доирасида минераль-хомашё захираларини қидириш, ўрганиш ва фойдаланиш бўйича ҳамкорликларни ривожлантиришдан ибрат.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳукуматлараро кенгашга аъзо бўлиб кириши Ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, чегарадош ҳудудларни бирлашиб ўзлаштириш, геология қидирув ишларига миллий тажрибаларни, янги услубий ёндашувларни жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорликларни кенгайтиришга имконият яратди. Чунки ерости бойликларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш тажрибалари, услублари бўйича МДҲ давлатларида ёндашувлар бир-бирига яқин ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Ҳукуматлараро кенгашнинг тўлақонли аъзосига айланиши очиқ тенг ҳуқуқли мулоқотлар ва ташқи ўзаро муносабатларни ҳисобга олиб республикамиз рейтингининг келгусида янада ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сессияда шунингдек, соҳа мутахассисларининг ерости бойликларидан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таниқли хорижий нашрлар вакиллари билан алоқаларни йўлга қўйиш, республикамиз учун ноодатий бўлган фойдали қазилмаларнинг янги турларини ўзлаштириш, ёпиқ ва беркитилган ҳудудларни ўрганишда янги замонавий услубларни қўллаш, геология соҳасида етакчи мамлакатлар технологияларини қўллаш, мамлакат ҳудудида ва қўшни давлатда юз берадиган табиий ва техноген кўринишидаги фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш каби бир қатор масалаларда мутахассисларнинг маърузалари тақдим этилди.

Сессия ишида Геология фанлари университети ректори  М.Исоқовнинг “Фан, таълим ва тажрибаларни интеграциялаштириш йўли билан геология соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш тизимини яратиш” ҳамда Гидроингео институти директори К.Мингбоевнинг  “Тошкент атрофидаги чегарадош сувликларидаги минерал сувлар захираларидан фойдаланиш ва муҳофазалаш масалалари бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди

МДҲ давлатларининг Ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг XXV сессияси доирасида Россия ва Ўзбекистон геология хизматлари ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, геология соҳасида маълумотларни рақамлаштириш, кон захиралари ва ресурсларини ҳисоблаш ягона тизимни яратиш, геологик маълумотлар фондларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш бўйича амалий-тажриба ишлари амалга ошириш,
ёш мутахассис ва кадрларни илмий – ишлаб чиқариш ташкилотларида билим ва тажрибаларини ошириш каби бир қанча йўналишларни қамраб олган ҳамкорлик дастури имзоланди. Мутахассислари ўртасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб боришда яқин алоқалар ўрнатиш, замонавий махсус геологик хариталар тузиш ҳамда ноанъанавий хомашё турларини қидириш ва маъданларни қайта ишлаш технологиялари бўйича янги лойиҳалар муҳокама этилиб, тегишли келишувларга эришилди.

Саидмурод РАҲИМОВ,

 ЎзА мухбири