Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида 2022 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида брифинг ўтказилди.

Унда таъкидланганидек, Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Шунингдек, мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймаслик борасида ҳамкор ташкилотлар билан бирга амалий ишлар олиб борилмоқда.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Брифингда жорий йилда ҳам мазкур мониторингни ўтказиш режалаштирилгани, у 26 сентябрдан 31 октябргача давом этиши ҳамда бу йилги Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ва ижтимоий масалалар бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг мажлис баёнлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар ва тавсияларга асосан ўтказилиши тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ташкилотчилар томонидан қайд этилганидек, бу йилги мониторинг ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлган фуқаролик жамияти инситутлари вакиллари иштирокида ўтказилади. Шуниндек, Миллий мониторинг жараёнини кузатиш учун дунё тўқимачилик брендлари вакиллари ҳам таклиф этилган.

Мониторингни ўтказишдан асосий мақсад пахта йигим-терими ишларида вояга етмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли шароитлар яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун тавсия қилинган миқдордан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш, фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат шартномаси, фуқаролар билан мустақил равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар тузилганлигини назорат қилишдир.

Миллий мониторинг давомида камчиликлар аниқланса, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилади вқа мониторинг юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясига мунтазам ахборот бериб борилади.

Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида “2022 йилги пахта йиғит-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ўтказиш услубиёти”, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим-терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, улар таркибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг масъул ходимлари, шунингдек, келишилган ҳолда, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди.

Мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим бош ва ҳудудий гуруҳлар раҳбарлари интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланди.

Ўрганиш жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳларига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилади ва айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун меҳнат инспекциясига юборилади.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда зудлик билан касаба уюшмаларининг инспекторлари томонидан вазият ўрганилади  ва Акт (Далолатнома) тузилади. Сўнгра уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, ҳудудий “Қайта алоқа механизми” вакилларига ҳам хабар берилади.

Айтиш жоизки, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишининг олдини олишга қаратилган “Қайта алоқа механизми” Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган бўлиб, мавсум давомида узлуксиз равишда кечаю кундуз ишлайди. Бунда 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлари, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан баннерлар тайёрланди ва бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларидаги туман, шаҳар марказларига ўрнатилмоқда. Корхона, ташкилот, массасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга постерлар жойлаштирилди ва меҳнаткашлар ҳамда барча аҳолига флаерлар тарқатилмоқда.

Миллий мониторинг даврида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади (Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуққлари тўғрисида”ги ва “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан келишилган “Мониторинг услубиёти” талабларига мувофиқ ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади). Мониторинг якунлари тўғрисида декабрь ойида ўтказиладиган давра суҳбатида батафсил эълон қилинади.

 

Н.Усмонова,
ЎзА мухбири