Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Ҳаитметов маълумотларига кўра, агентликка жорий йилда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши юзасидан 15 минг 987 та шикоят билан мурожаат қилинган. Келиб тушган мурожаатларнинг 48,3 фоизи уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, 26,4 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 14,7 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 10,6 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.

Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида мурожаатлар ҳамда ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, истеъмолчиларга етказилган 192,8 миллиард сўм миқдоридаги зарар  қайта ҳисоб-қитоб қилинди.

Ўтган давр мобайнида айрим сабабларга кўра, авиачипта ҳамда билетлардан фойдалана олмаган истеъмолчиларнинг авиачипта пулини қайтариб олишдаги муаммолари бўйича 581 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасига кўра, 154 нафар фуқарога 316,1 миллион сўмлик авиачипта пуллари, қолган 241 нафар фуқарога 56,7 миллион сўмлик билет пуллари қайтариб берилиши таъминланди.

Мутахассиснинг  таъкидлашича, агентлик томонидан инсон ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотларни аниқлаш, шунингдек уларнинг ишлаб чиқарувчиси тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга етказиш мақсадида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат хариди амалга оширилган.

Назорат давомида 369 номдаги (ун, қолипли нон, шакар, идишдаги ичимлик суви, қуюлтирилган сут, колбаса маҳсулоти, сариёғ, гўштли консерва, пишлоқ, ёғ-мой маҳсулотлари, цемент, кўмир, арматура, пахта ёғи, томатли кетчуп, лед лампалар, электро кабеллар ва бошқ.) маҳсулотлар бўйича ўтказилган экспертиза натижасида 85 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган.

2022  йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун қурувчи ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан қурилаётган кўп квартирали уйлардан хонадон сотиб олиш тўғрисида келишилган шартноманинг муҳим шартлари бузилиши (белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши) бўйича 441 та мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаатларни ўрганиш натижасига кўра, 290 та истеъмолчига 1 миллиард 526,7 миллион сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланган. 22 нафар истеъмолчини қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ҳимоя қилишни кўзлаб 420 миллион сўмга даъво аризалари киритилган.

Товар ишлаб чиқарилар экан, хизматлар кўрсатилар экан, албатта уни кимдир истеъмол қилиши керак. Агар истеъмол бўлмаса товар ишлаб чиқаришнинг ҳам, хизмат кўрсатишнинг ҳам кераги бўлмайди. Демак, истеъмолчи бозор иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида марказий ўрин тутади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ҳудудлардаги бозорларнинг фаолияти, белгиланган савдо қоидаларининг бажарилиши, фойдаланишдаги мавжуд тарозиларнинг сертификатлари мавжудлиги юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганишлар ташкил этилди. Республика миқёсидаги 192 та деҳқон бозорларида 34 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари аниқланди. Ҳолат юзасидан қонунчилик асосида иш қўзғатилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Натижада истеъмолчилар томонидан маҳсулотларни деҳқон бозорларида харид қилиш маҳсулот оғирлиги бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолар бартараф этилди.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида фуқаролар мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Шунингдек, қонунга биноан, истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани сабаб бўла олади.

Тегишли қонунчиликка кўра, истеъмолчининг товарни алмаштириб олишга товар сотиб олинган кундан эътиборан 10 кун ичида ҳуқуқи бор. 10 кунлик муддат ўтиб кетгач, у бу ҳуқуқини рўёбга чиқара олмайди. Шунингдек, сифатли товарлар қайтарилганда улар истеъмол қилинмаган бўлиши, товар кўринишини йўқотмаган, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган ҳолатда бўлиши керак.

Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлайдиган қонунчилик базаси яратилганига қарамасдан, ҳанузгача сифати паст товарларни сотиш, талабга жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш каби ҳолатлар учрамоқда.

Бунинг сабабларидан бири – истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини етарли даражада билмаслигидир. Шу сабабли истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши ва қонун томонидан унга берилган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошира олиши муҳимдир.

Муҳайё Тошқораева, 
ЎзА мухбири