Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон миллий боғида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Бу боғни халқимиз яхши билади. У 1932 йилда ҳашар йўли билан қурилган, кўп йиллар аҳолининг энг севимли маскани бўлган. Кейинги вақтларда боғ ҳудудида қурилишлар бўлди – Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмаси биноси, Тошкент шаҳар тарихи музейи, “Magic сity” кўнгилочар маркази барпо этилди.

Президентимиз бу боғнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, бу ерда миллий анъаналаримизга хос муҳит яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шу асосида 14 гектардан зиёд ҳудудда катта ишлар бажарилди. Маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланди. Жами майдони 40 минг квадрат метр бўлган кўл тикланди. Сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилди. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда нуронийлар, адабиёт ва санъат намояндалари билан ҳам суҳбатлашди. Уларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, ушбу боғнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

– Бугун шаҳарларимизда бўлаётган ўзгаришлар яхши. Лекин қадриятларимизни эъзозлаш, хотира ҳам керак. Илгари бу боғ Тошкентнинг энг машҳур жойи бўлган, ўзига хос рамзларидан бирига айланган. Одамлар бу ерга келиб сайр қилган, ижодкорлар табиатдан завқ, илҳом олган. Талабалар, ёшларнинг энг завқли дамлари шу ерда ўтарди. Бу тарихни ҳозирги кун билан ҳамоҳанг қилишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Миллий боғда мазмунли дам олиш учун ҳамма шароитлар яратилган. Оила ёки дўстлар даврасида сайр қилиш, овқатланиш, шахмат-шашка ва теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш мумкин.

– Ҳаммамиз ўша машҳур киноларимиздаги “Гўзал Тошкент” каби куй-қўшиқларни, ҳофизларимиз ижро этган ашулаларни яхши биламиз, улар қалбимиздан чуқур жой олган, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шунинг учун бу боғда ана шундай тароналар доимо янграб туришига эътибор бердик. Ўйлайманки, бу ерда аввалгидек мушоиралар, концертлар ўтказиш, яна кинолар олиш мақсадга мувофиқ. Булар боғимизни янада файзли ва тароватли қилади.

Нуронийлар боғ қайта очилиб, сўлим масканга айлантирилгани учун хурсандлигини билдирди.