Хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиатур

Жорий йилнинг 5-8 июнь кунлари “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб ўтадиган халқаро экологик форум доирасида хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Орол денгизига медиатур ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ўтказган брифингда маълум қилинди.
Форум атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида барча манфаатдор мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Унда қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлиги, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.
Тадбирда кўплаб давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги бўйича давлат органлари раҳбарлари, етакчи халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.

 

Анвар Насирлаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),ЎзА