ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
17:05 / 17.08.2022

Маълумки, шу йилнинг 1 августида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунига етган эди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия Матбуот котиби Одилжон Тожиев билан Конституциявий қонун лойиҳасининг бугунги ҳолати, умуман, кенг жамоатчиликнинг унга нисбатан муносабати ва бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашдик.

– Конституциявий ислоҳотларнинг икки муҳим босқичи ортда қолди. Яъни Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва иккинчи босқичда уни такомиллаштириш мақсадида халқимизнинг эътиборига ҳавола этилди. Конституциявий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи ҳақида нима дея оласиз?

— Халқимиз конституциявий ислоҳотларнинг ҳар икки босқичида жуда фаол иштирок этди. Энди бевосита Конституциявий қонун лойиҳасининг бугунги ҳолати ҳақида тўхталишдан олдин бир масалага ойдинлик киритиб кетсам. Умумхалқ муҳокамасининг якунига етгани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича халқимиз, жамоатчиликдан фикр, таклиф қабул қилиш тўхтатилганини билдирмайди.

Яқинда Конституциявий қонун лойиҳаси учун масъул этиб белгиланган қўмиталар Қонунчилик палатасининг мажлисида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил ахборот берди. Масъул қўмиталарга таниқли олимлар, етакчи экспертларни жалб қилиб, Конституциявий лойиҳани янада такомиллаштириш борасидаги ишларни якунига етказиш вазифаси қўйилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бундан буён келиб тушадиган таклиф ва мулоҳазалар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ кўриб чиқиш, маромига етказилган Конституциявий қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш лозимлиги таъкидланди.

Бу билан нима демоқчиман? Масъул қўмиталарга Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича халқимиздан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклифлар бирма-бир ўрганилишидан ташқари жойларда, ташкилот ва идораларда, фракция йиғилишларида билдирилган ҳамда 1 августдан кейин ҳам келиб тушадиган мулоҳазаларни инобатга олиш вазифаси юклатилди.

— Демак, Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали маромига етди, деб айтолмаймиз?

— Худди шундай. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жуда жиддий ва муҳим жараён. Бу жараёнда шошма-шошарликка ёки келиб тушган таклифларга беэътибор бўлишга ҳаққимиз йўқ.  Ўрни келганда айтишим керак, Конституциявий қонун лойиҳаси такомиллаштирилгани бўйича масъул қўмиталарнинг тегишли хулосаси депутатлар томонидан маъқулланса, референдумнинг санасини белгилаш бўйича бир тўхтамга келинади.

— Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ижтимоий тармоқларда, кенг жамоатчилик ўртасида айрим саволлар юзага келаяпти. Референдум ўтказилиб, халқимиз Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни маъқуллаган тақдирда, Конституция янгидан қабул қилинган ҳисобланадими, илгаригидек 8 декабрь Конституция қабул қилинган сана сифатида нишонланмайдими, қабилидаги саволлар учраб турибди. Бу бўйича сизнинг муносабатингизни билмоқчи эдик.

— Бу бўйича Конституциявий комиссия Матбуот хизматига ҳам кўплаб саволлар келиб тушяпти. Имкон қадар ҳаммасига жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз.  Такрор бўлса-да, маълум қиламиз: референдум натижасига кўра, халқимиз Конституцияга таклиф этилган ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилишни маъқул деб билса, Конституция янгидан қабул қилинган деб ҳисобланмайди. Биз Конституцияни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий ўзгаришларга, қолаверса, халқимизнинг ўсиб бораётган дунёқараши, тафаккурига мослаяпмиз, тубдан янгилаётганимиз ёки қайтадан қабул қилаётганимиз йўқ. Шуни аниқ тушуниб олишларини истардик. Яъни, биз 8 декабрь санасини илгаригидек Конституциямиз қабул қилинган тарихий кун сифатида нишонлашда давом этамиз.

— Тушунарли. Шу ўринда муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир масалага тўхталсак. Конституциявий қонун лойиҳасининг 1-моддасида Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат эканлигини назарда тутувчи норма ўз аксини топган. Ижтимоий тармоқларда «мазкур тушунчалар Ўзбекистонни диндан узоқлаштириш мақсадида киритиляпти» мазмунидаги қарашларга ҳам кўзимиз тушди. Сиз бу каби фикрларга нима деган бўлардингиз?

— Бу янглиш хулоса. Ишончим комил, халқимиз орасида холисона фикрлайдиган, ўзгаришларга тўғри баҳо бера оладиган ҳамюртларимиз кўп ҳамда бундай нохолис фикрларга эътибор ҳам қаратмайди.  Аввало айтиш керак, Ўзбекистон 130дан ортиқ миллат ва элат, 16 конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келаётган бағрикенг диёр. Ўтган 2017–2021 йиллар мобайнида республикада 49 та янги жоме масжиди очилган, 3 та мадраса ташкил этилган. Бошқа конфессияларга мансуб 17 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилди ва уларнинг умумий сони 191 тага етган. Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши ёки бошқа муҳим воқеликлар ҳақидаку, тўхталсам, суҳбатимиз узоққа чўзилади.  Юқоридаги рақамлар нимани англатишини холис фикрлайдиган, ўз фуқаролик позициясига эга ҳар бир юртдошимиз тўғри тушунади ва хулоса қилади.

Ўзбекистонда ҳеч бир динни жамиятдан ажратиш тенденцияси кузатилмайди, айни пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви ёки қонун ижодкорлиги фаолияти диний қоидалар эмас, балки фуқаролик қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу эса дунёвий давлатнинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобланади.

Ижтимоий давлат эса муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Бундай давлатда муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароити яратилган бўлади.

Бундан 10 йиллар олдин аҳолининг эҳтиёжманд қатламига уй-жой ажратиш у ёқда турсин, мамлакатимизда камбағаллар борлиги тан ҳам олинмасди. Бугун камбағалликни қисқартиришга хизмат қиладиган институционал, қонуний ва ташкилий ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби воситаларни шакллантириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга манзилли ва тизимли ёрдам бериляпти.

Хулоса шуки, Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий давлатдаги барча талабларни ўзида қамраб олди: аҳолининг эҳтиёжманд қатламига муносиб даражада ёрдам кўрсатиляпти, асосийси, бу ёрдамлар мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш орқали амалга оширилмаяпти. Шу боис, Конституциянинг илк моддасида мамлакатимизга ижтимоий давлат сифатида нисбат берилишига тўла асос бор, деб ҳисоблайман.

— Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида янгиланаётган Бош қомусимиз халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси, яъни ҳақиқий халқ Конституцияси бўлиши, «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир» деган тамойилга тўла мос ҳужжат шакллантирилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. Айтингчи, икки босқичи ортда қолган, учинчи босқичга тайёргарлик кўрилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида сизнингча, бунинг уддасидан чиқиляптими?

— Жуда тўғри таъкидладингиз. Президентимиз Конституциявий комиссия аъзоларига Конституциямиз халқнинг муаллифлиги ва иштирокида янгиланиши кераклиги бўйича алоҳида кўрсатма бердилар. Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда Қонунчилик палатасидаги масъул қўмиталар умумхалқ муҳокамаси якунига етганида ҳам халқимизнинг фикрини, таклифини қабул қилаётганининг замирида ҳам айнан халқчил, ҳаётий, тўғридан-тўғри ишлайдиган Бош қомусни шакллантириш мақсади турганини кўришимиз мумкин.

Шу ўринда конституциявий ислоҳотларга оид айрим рақамларни келтирсам. Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунига қадар ислоҳотларнинг биринчи босқичида, яъни 26 майдан то 25 июнга қадар халқимиздан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид 62 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Конституциявий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи, яъни умумхалқ муҳокамаси даврида, 25 июндан то 1 августга қадар келиб тушган таклифлар сони 150 мингтадан ошди. Бу рақамлар биринчидан, Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиққанини, иккинчидан, конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилаётганини, учинчидан, кундан-кунга халқимизнинг дунёқараши ўсиб, муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнга бўлган қизиқиш ва дахлдорлик ҳисси юқори даражага кўтарилганини яққол намоён этади.

Келиб тушган таклифларнинг аксарияти шаклан қонунчилик техникасига тўғри келмаслиги мумкин. Лекин моҳиятан Конституциявий қонун лойиҳасининг у ёки бу нормасида акс эттирилишига ҳаракат қилинди. Шу билан бирга, Конституция даражасида кафолатлашни назарда тутмайдиган айрим таклифлар бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларимизни такомиллаштириш ёки ижро тизимидаги айрим камчиликларни бартараф қилишга ечим излашга ундаши билан аҳамиятли бўлди.

Конституциявий ислоҳотлар тарихий жараён. Бу жараёнда нафақат депутат ёки сенаторлар, ҳуқуқшунослар, балки барчамиз, ҳар бир ватандошимиз бирдек фаол иштирок этиши янгиланаётган Конституциямизнинг халқчиллигини таъминлайди. Бу эса халқимизнинг «Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям» деб юксак ғурур билан айта олишига яна бир муҳим мезондир.

Муҳтарама Комилова суҳбатлашди, ЎзА