Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан муҳташам адиблар хиёбонида Республика ёш ижодкорлар семинари олдидан адабий кеча ўтказилди.

Бир гуруҳ зиёлилар, шоир-ёзувчилар, семинар иштирокчилари дастлаб Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишди. Мушоира уюштирилди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев очиб берди. Адабий кечада адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги адабий жараён ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда ижодкорларга яратилган имкониятлар ҳақида тўхталди. Семинар иштирокчиларига омад тилади.

Тадбир иштирокчилари Ҳамид Олимжон ҳайкали пойига йиғилди. Бу ерда йиғилишдан ҳам ҳикмат бор. Жорий йил семинарда иштирок этаётган ёш қаламкашларнинг ижод намуналари «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» сўзи остида чоп этилган. Тадбир давомида тўпламнинг тақдимоти ўтказилди ва семинар иштирокчиларига тарқатилди.

Чин маънода китоб ижодкорлар учун совға бўлди. Китоб чоп этиш жараёни муаллифларга маълум қилинмаган. Тўпламга киритилган асарлар иштирокчилар семинар учун топширган ижодий ишларидан сараланиб олинган.

Куннинг иккинчи қисмида “ Дўрмон ижод уйи» да семинарнинг амалий машғулотлар жараёнларига старт берилади. Шўба машғулотларига иштирокчилари бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид йўналишлари бўйича шўбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари олиб борилади.

Иштирокчиларнинг асарларини саралаш ва улар учун маҳорат сабоқларини ўтказиш мақсадида таниқли ижодкор устозлар, адабиётшунос олимлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Бу йилги семинарда республика бўйича 85 нафар ёш ижодкор қатнашиши кўзда тутилган. Булардан 7 нафари Қорақалпоғистон республикасидан, 5 нафари эса мамлакатимизда яшаб, рус тилида ижод қилаётган ёш ижодкорлардир. Адабиётнинг турли жанрларидаги ижоди билан кўзга ташланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш Ёзувчилар уюшмасининг бош мақсадларидан биридир.

«Дўрмон» ижод уйида бўлиб ўтадиган семинарда ҳам ёш ижодкорларга забардаст адибларимиз маҳорат сабоқларини олиб боришади. Жумладан, Иброҳим Ғофуров, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маматқул Ҳазратқулов, Ўткир Раҳмат, Исажон Султон, Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Рисолат Ҳайдарова, Эшқобил Шукур ва бошқалар. Шунингдек, «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока», «Ёшлик» журнали ҳамда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси жамоаси билан ижодий учрашувлар ташкил этилади.

Бу йилги семинарда рус тилида ижод қилаётган 5 нафар ёшлар учун алоҳида маҳорат дарси ҳамда ўзаро таржима ишларини йўлга қўйиш юзасидан суҳбатлар ташкил этилади. Маҳорат дарсларида ёшлар уюшма аъзолари Николай Илин ва Артём Гороховдан ижод сирларини ўрганишади.

3 кун давомида ёш ижодкорлардан 20 нафари саралаб олинади ва шу йилнинг охиригача ижодий ишлари нашрга тайёрланади. 2023 йилнинг бошларига қадар нашриётга топширилиши борасида ишлар олиб борилади.

Д. Маматова, ЎзА