Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифалар доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали ишлар бажариб келинмоқда.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати маълум қилишича, ижро самарадорлигини ошириш борасида бир қатор ишлар қилинган. Жумладан, жорий йил етти ойи давомида жами 16,3 трлн. сўм ундирилди. Шу жумладан давлат фойдасига 6,1 трлн. сўм ундирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий ундирув 2,7 трлн. сўмга, давлатга ундирув 453 млрд сўмга ошди.

Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 5 трлн. сўм, банкларга 4,2 трлн. сўм ва фуқароларга 1 трлн. сўм ундирилиб, ундирув ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 2,2 трлн. сўмга кўпайди.

2022 йил 1 июнь кунидан ишга туширилган ахборот технологиялари ёрдамида масофавий ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмасдан ва фуқароларнинг мол-мулкларига дахл қилмасдан 126 минг 373 та ҳужжатнинг ижроси амалда таъминланди.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га 300 млрд сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 млрд сўм кўп маблағ йўналтирилди.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 734,2 млрд. сўмлик алимент пули ундирилди, 9,2 млрд сўмлик уй-жой ва 496 млн. сўмлик транспорт воситаси алимент олувчиларга олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.

Ишсиз алимент тўловчиларнинг 14 минг 976 нафари ишга жойлаштирилди, 32 минг 324 та оилаларни яраштиришга эришилди.

Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 736 нафар шахс ишга тикланди, тўланмай қолган 43,3 млрд сўмлик иш ҳақи ундирилди.

Бюро органларига 114 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 93 фоизи ҳал қилинган. Таҳлилларга кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш масаласида келиб тушган мурожаатларнинг 65 фоизи алимент ундириш, 24 фоизи қарз ва 5 фоизи зарар ундириш ҳамда 2 фоизи бошқа ижро ҳужжатлари билан боғлиқ масалаларга тааллуқли ҳисобланади.

Сайёр қабуллар орқали 2 минг 744 нафар шахс қабул қилинган. Ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш, ходимлар масъулиятини янада оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бюро органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари янада жадаллаштирилмоқда.

Масалан, давлат ижрочисига ижро ҳужжатларни қабул қилиш, қарздорларни идентификация қилиш, мол-мулкини аниқлаш, қарорлар қабул қилишга кўмаклашувчи “Smart ёрдамчи» платформаси ишга туширилган.

Давлат ижрочиларининг автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақидаги қарорларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги органларига «МIB-Portal” дастури орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилди.

Янги амалиёт жорий қилиниб, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувдаги 3 мингдан ортиқ қарздорлар ҳақидаги маълумот Бюронинг веб-сайтига жойлаштирилди.

«СМС-Хабарнома» автомат тизими орқали қарздорларга ижро иши қўзғатилганидан тамомлашгача бўлган ҳар бир ижро ҳаракати ҳақида хабар бериш, Android мобил алоқа воситалари орқали қарздорликлар ва хорижга чиқишга қўйилган тақиқларни аниқлаш мумкин.

“MIB.UZ” мобил иловаси, шунингдек онлайн тўлов тизимлари (MUNIS, PAYME, CLICK, PAYNET ва бошқа) орқали қарздорликларни электрон тўлаш мумкин.

“Paynet” тўлов тизимининг жамоат жойларида ўрнатилган инфокиосклари орқали банк кассаларига бормасдан ижро ишлари бўйича қарздорликни текшириш ва нақд пулда тўлаш имкони яратилди.

Мулкий низоларнинг олдини олиш мақсадида тўловга қобилиятсиз қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар Бюронинг www.mib.uz расмий сайтига жойлаштирилди.

Ҳозирда фуқаролар ўзлари яшаб келаётган ҳудудлардаги Бюронинг исталган ҳудудий бошқарма ёки бўлимларидан ҳар ҳафтанинг шанба куни “Online – video” орқали Бюро раҳбариятига мурожаат қолдиришмоқда.

Шуҳрат Неъматов, ЎзА