Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон санъат саройида ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган, “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 584 нафар ёшга сўм бир марталик ёрдам пули топширилди.

Таъкидланганидек, Нукус шаҳар ёшларининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганиш, уларни ҳал этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи 4 та секторга бириктирилди. Улар жойларда Ёшлар етакчилари билан биргаликда 64 та маҳаллада уйма-уй хатлов ишларини амалга ошириб, 14-30 ёшдаги 74 минг 683 нафар ёшнинг баланси тўлиқ шакллантирилди.

Ёшлар баланси асосида аниқланган ҳар ўн бешинчи ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 4 минг 820 нафар фуқаро 19 та кўмак тури бўйича, шундан 1 минг 584 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшга бир марталик ёрдам пули ажратиш йўналиши бўйича “Ёшлар дафтари” электрон платформасига киритилди.

Тадбирда ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Феруз Аблаяров агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Пўлат Махсетбаевга “Ёшлар дафтари”га киритилган Нукус шаҳар ёшлари учун 1 миллиард 900 миллион 800 минг сўмлик ваучерни топширди.

Шунингдек, ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Нурбол Маратов томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга бериладиган ёрдам турлари, мутахассис Айсулу Утепбергенова томонидан нодавлат таълим муассасаларида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича тақдимот ўтказилди.

Тадбир якунида акциядорлик тижорат Халқ банкининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимлари томонидан ёшларга бир марталик моддий ёрдам пуллари нақд пул кўринишида топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА