Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида лойиҳани такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ахборот берди:

— Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан кенг кўламли муҳокамалар амалга оширилиб, жойларда 20 мингга яқин тадбирлар ташкил этилди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари фаол иштирок этди. Қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилгандан сўнг, 5 июль ҳолатида жами 60 минг таклиф келиб тушган бўлса, 1 августга қадар таклифлар сони 150 мингдан ортди. Яъни 1,5 баробар кўпайди.

Фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар орасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, меҳнат ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши, аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилишини белгилаш ва бошқа шу каби таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, қонун лойиҳаси халқимиз таклифлари асосида маромига етказилиб, Асосий қонунимиз том маънода халқ Конституциясига айланаётганидан далолат беради.

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида хориждаги ватандошларимиз ҳам бефарқ бўлмади. Жумладан, Қозоғистон, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.

Таклифларнинг 60 фоизи ёшлар томонидан тақдим этилган. Шунингдек, келиб тушган таклифларни ўрганиш давомида аниқ бўлдики, уларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан юборилган. 4 фоизининг эса шахси очиқланмаган.

Масъул қўмиталар умумхалқ муҳокамаси давомида берилган таклифларни ўрганиб чиқиш учун Конституциявий комиссия билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. Қўмита мажлисларида мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари, қолаверса, таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси 6 турдаги экспертизадан ўтказилди. Ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида чуқур муҳокама қилиб борилмоқда, — деди Ж.Ширинов.

Муҳокамалар давомида депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёни билан боғлиқ қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Жумладан, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов келиб тушган таклифларни қабул қилиш ёки рад этишда қандай мезонларга қараб иш тутилаётгани билан қизиқди.

— Албатта, таклифларни саралаш, мақбулларини қабул қилишда ишчи гуруҳ вакиллари муайян мезонларга қараб йўл тутмоқда, — деди Ж.Ширинов. — Масалан, аввало, таклифларнинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсад-вазифаларга мослиги эътиборга олинмоқда. Шунингдек, «Инсон — жамият — давлат» тамойили ҳамда «инсон қадри учун» тамойилига мослиги, халқчиллиги, бугунги ислоҳотларга зид келмаслиги, миллий қадриятларимизга, тарихий тажрибаларимизга ҳамоҳанглиги, долзарблиги, Бош қомусимизда мустаҳкамлашнинг зарурияти каби жиҳатлар эътиборга олинмоқда.

Шундан сўнг мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов сўзга чиқиб, Конституциявий ислоҳотлар, мазкур сиёсий жараёнларнинг халқаро доираларда эътироф этилаётгани хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамалари якунлари бўйича сиёсий партиялар фракцияларининг позициялари тингланди. Лойиҳани янада такомиллаштириш ва халқчил Қомусни яратишда барча фракциялар вакиллари фаол иштирок этиши таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА