Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари иштирокида турли тармоқларда инновацион соҳада кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жанубий Кореянинг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Ли Чол У бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ва вазирлик ҳузуридаги Инновацион ўқув-ишлаб чиқариш INNO технопаркига ташриф буюрди. Губернаторни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова кутиб олди.

Корея делегацияси Инновацион ривожланиш вазирлигидаги кўргазма ҳамда INNO технопарки фаолияти билан танишиб, вазирлик мутасаддилари билан музокаралар олиб борди. Ташриф доирасида INNO технопаркида 20 дан ортиқ инновацион маҳсулотлар ва ёшлар томонидан ишлаб чиқилган прототиплар намойиш этилди. Губернатор Ли Чол У технопаркда стартап корхоналар учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар келгусида бир қатор ишларни биргаликда амалга оширишга келишди. Хусусан, INNO технопаркидаги ишлаб чиқариш майдонини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Кёнгбук ва INNO технопарклари техник кўмак лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, INNO технопаркидаги стартап лойиҳаларни, акцелерация ва инкубация дастурларини амалга оширишда Кореянинг тажрибали мутахассисларини жалб қилиш масаласи муҳокама этилди. Шу билан бирга, Акфа университети ва INNO технопаркида фаолият олиб бораётган иқтидорли ёшларни инновациялар соҳасида танлов асосида тажриба алмашиш учун Жанубий Кореяга юбориш масаласига урғу берилди.

Учрашув давомида жорий йилнинг октябрь ойида вазирлик томонидан ташкил этиладиган “InnoWeek-2022» инновацион ғоялар ҳафталигида Жанубий Кореяда муваффақиятли фаолият олиб бораётган стартап корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишга таклиф этилди.

Ташриф якунида Кореянинг Кёнгбук технопарки, Еунгнам университети ва Ўзбекистоннинг INNO технопарки ҳамда Акфа университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА