Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19,45 миллион кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,7 миллион кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоизга ёки 261,3 минг кишига ошган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, расмий секторда банд аҳоли сони 6 миллиондан ортиқ кишини ташкил қилиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахслардан банд бўлганлар сони 4,1 фоизга ёки 240,6 минг кишига ошгани кузатилган.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,69 миллион кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,2 фоиз ёки 507,5 минг кишига камайган.

Қолаверса, хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2 миллиондан ортиқ кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларни камайишига сабаб бўлган.

Таҳлилларга кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,326 миллион кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этмоқда. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,5 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса 12,8 фоизга етган. Бундан ташқари, ишлашни хоҳламайдиган ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар ўтган йилга нисбатан 183,6 минг кишига камайган бўлса, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган талабалар ҳамда туғруқ таътилидаги аёллар сони 222,4 минг кишига ошган.

Ш.Маматуропова, ЎзА