«Uzbekistan Airways Sales» йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 2022 йил июль-август ойлари мобайнида янги иш жадвалига ўтди, унга кўра марказий авиакасса ҳар куни соат 09:00 дан 21:00 гача фаолият кўрсатиб келмоқда. Ёзги ва кузги саёҳат мавсумида йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Uzbekistan Airways” АЖ жорий йилнинг 18 августидан бошлаб Тошкент-Токио-Тошкент, 19 августидан бошлаб Урганч-Милан- Тошкент йўналишидаги қатновларни бошлайди.

Бундан ташқари, Италиянинг яна бир шаҳрига қатновлар йўлга қўйилмоқда. 6 сентябрдан бошлаб Урганч-Рим-Тошкент йўналишида парвозлар амалга оширилади. 26 августдан эса яна Париж йўналишидаги қатновлар тикланади.

Шунингдек, жорий йилнинг куз ойларидаёқ «Uzbekistan Airways» йўловчилари энг машҳур йўналишлардан бири бўлган Таиланд ва Малайзияга тўғридан-тўғри авиақатновларда саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади, шунингдек, Ветнамга ҳам авиақатновлар тикланиши режалаштирилган, дея хабар беради Акционерлик жамияти ахборот хизмати.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА