Транспорт масалалари бўйича ўзбек-туркман ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов ва «Туркмен автоулаглары» агентлиги раисининг ўринбосари В.Ходжанепесов, икки мамлакатнинг автомобиль, темир йўл, авиация тизими ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Томонлар икки давлат ўртасида автомобиль транспортида юк ташувлар жараёнини тўлиқ қайта тиклаш, юк ташиш талабларини соддалаштиришдан манфаатдор эканликларини қайд этиб ўтишди.

Ўзбекистон томони автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошираётган ўзбек ҳайдовчилари учун Туркманистонга кириш визасини бериш талабларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш юзасидан туркман томонига таклифларини билдирди.

Темир йўл ва автомобиль транспортида юк ташувлари ҳажмини ошириш мақсадида транспорт коридорларини ривожлантириш йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон томони «Туркманбоши» порти орқали ўтувчи транспорт коридорлари бутун минтақа учун муҳим эканлигини ва ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Транзит йўналишларда юк ташиш ҳажмини ошириш учун темир йўл инфратузилмасини янада модернизация қилиш, шунингдек, юк ташувларида транспорт харажатларини камайтириш мақсадида чегирмалар тақдим этиш чораларини кўришга келишиб олинди.

Учрашувда Ўзбекистон томони мамлакатларимиз ўртасида йўловчи ташишни ташкил этиш йўналишидаги ишларни фаоллаштиришни таклиф қилди. Томонлар Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон транспорт коридорининг барча иштирокчилари билан Ашхабод келишуви доирасидаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Учрашув давомида томонлар халқаро юк ташишни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа амалий масалаларни ҳам кўриб чиқди. Йиғилиши якуни бўйича тегишли баённомани имзоланди.

Мафтуна Каримова, ЎзА