Юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш ҳамда турли оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида электрон хизмат кўрсатиш тизимини кенгайтиришга аҳамият қаратилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан дастурлар бўйича кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратиш йўлга қўйилмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 8 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилиниб, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформасидан фойдаланиш, шу жумладан, кредитларни ажратиш, расмийлаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро электрон ҳамкорлигини тартибга солиш механизмлари тасдиқланди.

Бугунги кунда Ягона электрон платформа — oilakredit.uz портали ташкил этилган бўлиб, кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилиши ва ушбу портал орқали кредит шартномаси тузилиши йўлга қўйилган.

— Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулайлик яратиш мақсадида oilakredit.uz портали ишга туширилди, — дейди ушбу платформани яратувчи «Реалсофт» компанияси директори Ҳикматилла Насруллаев. — Мазкур платформа кўмагида кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади. Кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади. Аризалар бир кун муддатда автоматлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Аризачининг манзилига қараб, унинг аризаси “online mahalla” ахборот тизими орқали тегишли ҳоким ёрдамчисига йўналтирилади.

Ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ҳамда етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича кредит ажратиш учун тавсиянома ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани беш иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштиради. Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади.

Ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизими ёрдамида амалга оширилади. Яъни, тадбиркорлик фаолияти учун керак бўладиган асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар таъминотчилар томонидан «маркетплейс» тизимида электрон тарзда жойлаштирилади.

Масалан, чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркор «маркетплейс» тизимида таъминотчилар томонидан таклиф этилган қорамол, қўй, эчкиларни танлаб, сотиб олиши мумкин ёки боғдорчилик қилмоқчи бўлган тадбиркор «маркетплейс» тизими орқали фаолияти учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, техника воситаларини танлаши мумкин. Бунда жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, юридик шахсларга эса 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ажратилади. Кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси  томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, таъминотчига ўтказиб берилади.

Бугунги кунга қадар мазкур платформа орқали 900 мингга яқин аризалар тақдим этилган бўлиб, шундан 276 мингдан ортиқ аризачи билан кредит шартномаси тузилган, — дейди Ҳикматилла Насруллаев.

Ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадидаги фуқаролар учун oilakredit.uz платформаси ҳамда «Маркетплейс» тизими қулай, замонавий ҳамда тезкор хизмат ҳисобланади. «Маркетплейс» тизими ҳам маҳсулот ва хизматларни сотиш истагидаги тадбиркорлик субъектлари учун, ҳам энди иш бошлаётган тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлар учун очиқ электрон савдо майдони ҳисобланади. Барча тадбиркорлик субъектлари ўз товар ва хизматлари тўғрисидаги маълумотларни ушуб тизимга мустақил жойлаштириши, сотиши мумкин.

Юқоридаги ҳужжатлар ижроси доирасида йўлга қўйилган мазкур электрон тизимлар тадбиркорларга кредит олишда қулайлик яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига қўшимча даромад манбаи яратиш ва уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги ахборот коммуникация технологиялари ривожланиб бораётган тезкор даврда уйдан чиқмасдан туриб, қўлимиздаги телефон орқали кредит маблағларини расмийлаштиришимиз, зарур хизмат ва маҳсулотларни сотиб олишимиз мумкин.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА