“Zamin” халқаро жамоат фондига нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистонда асос солинган.

Фонднинг мақсади — мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишдан иборат. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг грантлари Фонд маблағини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади.

Фонд атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган болалар таълимини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.

Ижтимоий тармоқларда «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси номидан сохта аккаунтлар очилиб, хайрия ва мукофот пуллари тарқатилиши ҳақида ёлғон ахборотлар тарқатилмоқда ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қайд этилишича, мазкур хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди ва бу маълумот «фейк» хабар ҳисобланади.

«Замин» фонди лойиҳалари ҳақида унинг веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали батафсил ёритиб борилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, фонд фаолияти ҳақида батафсил маълумотни www.zaminfoundation.ngo расмий веб-сайтидан олиш мумкин, дейилади фонд хабарида.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА