Тошкент архитектура-қурилиш институтида 4 та факультет ва 23 та кафедра бор. Бакалавриатда 22 та, магистратурада 25 та мутахассислик бўйича таълим берилмоқда.

Замон талабларидан келиб чиқиб, “ақлли” уйлар ва шаҳарлар инфратузилмасини лойиҳалаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, иншоотлар зилзилабардошлиги каби йўналишлар дастурга киритилган.

Ушбу олий таълим даргоҳига кириш истагидаги ёшлар учун янги 2022/2023 ўқув йилида 1 минг 600 дан зиёд квота ажратилган. Улар билан жами талабалар сони 7 минг 500 нафардан ортади.

Институтнинг ташкилий-бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бошланган бўлиб, уни муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослаштириш мўлжалланган. Бу йилдан “Рақамли Университет” тизимини жорий этиш, келгуси ўқув йилидан бошлаб, кириш имтиҳонларини халқаро стандартлар асосида йилига икки марта ўтказиш режалаштирилган.

Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат),ЎзА