Кундалик газеталарни варақлаб, ахборотларнинг ранг-баранглиги, мухбирларнинг тезкорлигини ҳис этиб турасиз…

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонидан ўрин олган “Бунёдкорлик салоҳиятимизнинг амалий ифодаси” номли шарҳ, давлат раҳбарининг “Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони жой олган. “Ифтихор” рукнида берилган “Янги Ўзбекистон орзуси ва руҳи билан йўғрилган тарихий ғалаба муборак!” саҳифаси, шуниндек, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Шахмат оламининг ёш султонлари” шеъри ҳам жаҳон чемпиони бўлган шахматчиларимизга бағишланади. Жамиятимизнинг янги қиёфаси, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллигига, тараққиёт мезонлари, жараён, тараддуд ва ёшларга оид давлат сиёсати акс этган мақолалар замирида инсон камолоти, одам боласи ҳар доим талпиниб турадиган азиз Ватан ва унга муҳаббат борлигини ҳис эт турасиз.

“Халқ сўзи”да ҳам кечаги куннинг муҳим янгиликлари акс этган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлиси тўғрисидаги Ахбороти ҳам жой олган. “Депутатлар вазирнинг жавобларидан қониқдими?”, “Ўрганиш чоғида аниқланган муаммоларга ечим топилдими?”, “Тараққиётнинг тамал тоши”, “Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри ва эркинликларини юксакликка кўтаради” каби мақолалар муҳим ва долзарблиги билан эътиборли…

“ХХI ASR”да бир қатор муҳим мақолалар эълон қилинган. “XXI аср қаҳрамонлари” саҳифасини ўқиб, кўнглингиз ўсади. “Ҳокимларни депутат ва сенатор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак”, “Таклиф – мурожаатлар тўхтамаяпти”, “Касбида интенсив боғдорчилик интенсив ўсмоқда”, “Чўтқарада нима гап?” каби мақолалар ҳам ранг-баранглиги ва кўтарилган масалаларининг муҳим, долзарблиги билан газетхон эътиборида бўлади.

“Ishonch”нинг бугунги сони, албатта, ўқинг. Шахматчиларимизга бағишланган саҳифа, “Авлодлар ризқига чанг солмайлик”, ”Бизга сув фильтрлари керак (ми?)”, “Калий заводида ишлаш осонми?”, “Ҳеч ким кафолат беролмайди ёхуд ҳомиладор дори ичиши мумкин эмас (ми?), “Сирти ялтироқ…”, “Хиром айлаётган “эркак”лар” каби мақолаларда бугунги кун манзаралари, ташвиш ва оғриқларини кўрасиз.

“Жамият” ҳам шахматчиларимиз эришган ғалаба – “Келажакнинг олтин пойдевори” билан бошланади. “Ҳисобот эмас амалий натижалар муҳим”, “Инсон ҳуқуқлари устувор”, “Матонатли Марям” каби мақолаларни ўқиганда қаддини тик тутаётган жамият қиёфаси кўз ўнгингиздан ўтади. Рустам Жабборовнинг “Навоийни йиғлатган достон” мақоласи орқали буюк шоир ижодига таважжуҳ қиласиз.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Картошкачиликда норинликлар тажрибаси”, “Банк кўмаги – тадбиркор кўмаги”, “Ғўза баргларини сунъий тўктириш” каби мақолаларда жойлардаги ютуқлар билан бирга ҳушёрликка даъватни ҳам кўрасиз…

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА