Муносабат

Жамиятнинг асосий таянчи бу – оила. Оилада маънавий муҳитни яхшилаш, фарзандлар тарбиясидаги масъулият, миллий қадриятларни сингдириш ва қатор ташаббусларда фаол, шижоатли ва ташаббускор аёлларнинг ўрни бор.

Давлатимиз раҳбари 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабти билан хотин-қизларга йўллаган табригида айнан обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этиб: “Бу ҳаракат том маънода «маҳалланинг виждони»га айланиши керак. Чунки, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур.

Бугун биз Ватаннинг шон-шуҳратини юксалтирадиган тарихий даврга қадам қўйган эканмиз, Сизлар фарзандингизнинг қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдиринг, буюк орзуларни жойлашга интилинг. Мақсадимиз – ҳар бир оила, хонадон ва маҳалла мана шу улуғ ҳаракатнинг марказига айлансин», деб таъкидлаган эдилар.

Шундан сўнг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан ҳудудларда хаётий тажрибага эга ташаббускор аёллар ҳаракатлари йўлга қўйила бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида 30 нафардан, маҳаллаларда 15 нафардан фаол ва ташаббускор тарғиботчи аёллардан иборат таркиб шакллантирилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Улар  хонадонбай юриб, хотин-қизларнинг шароитини ўрганиб, маънавият улашиш билан шуғулланмоқда.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.  Қарор билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларида доимий фаолият юритувчи жамоатчилик тузилмаси – «Оқила аёллар» ҳаракати ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда, ҳаракатнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Ушбу қарорнинг кучга кириши хотин-қизларни янада руҳлантириб юборди, десак муболаға бўлмайди. Шу ўринда савол туғилади: мазкур жамоатчилик тузилмаси нима беради?

Қарорда ҳаракатнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

– жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;

– маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш;

– аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

– фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

– ёшлар ўртасида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида бўлиш масалаларини ҳамда “Оила – муқаддас” тушунчасини кенг тарғиб қилиш;

– хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушунтириш.

Ҳаракат, қоида тариқасида, Қўмитада – 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида – 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида – 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.

Бунда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Ҳаракатнинг бошланғич гуруҳлари ташкил этилади.

Қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари тегишлича Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)ларда “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

Ҳаракат ва унинг бошланғич гуруҳлари таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар Ҳаракат томонидан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш йўналишида амалга оширган ишларининг натижадорлигига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

Бунда фаол ва ташаббускор аёллар фаолияти натижалари бўйича тегишлича Қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари тавсиясига асосан давлат мукофотлари, “Мўътабар аёл”, “Маҳалла ифтихори”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва бошқа эсдалик, кўкрак нишонлари, идоравий мукофотларга тавсия этилиши, шу жумладан, санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилиши мумкин.

Дарҳақиқат, агар юқоридаги вазифалар амалда татбиқ этилса, жамиятда соғлом маънавий муҳит шаклланади, аҳолига эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдириш орқали оилалар мустаҳкамланади, оилавий ажримларнинг олди олинади, ҳеч бир фарзанд эътибордан четдан қолмайди.

Энг асосийси,  бу қарор ҳар бир аёл эътиборда, эътирофда эканлигини, давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлигини англатади.

Раъно ТУРДИБОЕВА,

 Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси

раиси ўринбосари.

ЎзА