Марказий банк жорий йилнинг 7 ойи давомида тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумот берди. Қайд этилишича, ипотека кредитлари қолдиғи ортиб бормоқда. 2017 йилга нисбатан 5,4 баробарга ортиб, ипотека кредитлари қолдиғи 41,3 триллион сўмга етган.

Ўтган 2022 йил 7 ойида 41 минг 441 та фуқарога 7,6274 миллиард сўм ипотека кредитлари ажратилган. Мазкур маблағлардан Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси маблағлари 94,7 миллиард сўмни ташкил этади. Ипотека кредитлари энг кўп ажратилган кучли 5 талик – Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё ва Андижон вилоятларига тўғри келади.

Ипотека кредити энг кам ажратилган 5 таликка – Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси тўғри келмоқда. Ажратилган ипотека кредитларининг 8542 таси (1515,1 млрд. сўм) ёки 21 фоизи иккиламчи бозорга ажратилган. Мос равишда 32899 таси (6112,3 млрд. сўм) ёки 79 фоизи бирламчи бозорга ажратилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси томонидан иккиламчи ипотекани молиялаштириш вақтинча тўхтатилган. Компаниянинг маълум қилишича, аҳолининг талабини қондириш мақсадида фаол кредитлар ажратилиши натижасида, Дастурда назарда тутилган маблағлар муддатидан аввал, яъни 2022 йилнинг биринчи чораги давомида ўзлаштириб бўлиниши кутилмоқда.

Маълумки, иккиламчи кредит ажратиш айни кунда тўхтатилган ва қачон бошланиш санасини Компаниянинг ўзи ҳам аниқ билмайди.

Тўғри, айрим тижорат банклари ўз ресурслари ҳисобидан бозор нархларида ипотека кредитлари ажратмоқда. Уларнинг шартлари ва фоизлари юқори.

Яна бир маълумот, янги ёки эски уй-жой сотиб олиш, шунингдек уй-жой қурилиши ҳамда реконструкция қилиш учун ипотека кредити ажратилмоқда.

Айрим, тижорат банкларининг Бош офисларидан олинган маълумотларга кўра, бирламчи, иккиламчи ва қурилишга кредит ажратилаётганини маълум қилишди.

Мисол учун, «Hamkorbank» бирламчи ипотека кредити муддати 20 йилгача, Фоизи 17%, бошланғич тўлов 15 фоизни ташкил этади. Иккиламчи ипотека кредити эса, муддати 10 йилгача, фоизи 25%, бошланғич тўлов 26 фоизни ташкил этади. Қурилиш ва реконструкция учун ажратилган кредитнинг муддати 20 йилгача, фоизи 18% бошланғич тўлов 15фоизни ташкил этади.

«Асакабанк»да эса бирламчи ипотека кредити муддати 20 йилгача фоизи 17 фоиз, бошланғич тўлов 15 фоиздан қурилиш ва реконструкция учун, муддати 20 йилгача, фоизи 17, бошланғич тўлов 15 фоиздан.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА