Қорақалпоғистон Республикаси “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўртасида 2022 йил 12 апрелда имзоланган “Калцинацияланган сода ишлаб чиқариш жараёнидан суюқ чиқинди сифатида ташланувчи технологик сувларни тозалаш ва ишлаб чиқаришда ярим юмшатилган сув сифатида қайта ишлатиш” мавзусидаги шартноманинг техник шартига биноан, университетнинг кимё факултети умумий ва нефт-газ кимё кафедрасида технологик сувни тозаловчи қурилма ишлаб чиқилди.

Ушбу қурилма жорий йил 3-4 август кунлари корхона мутахассислари билан биргаликда синовдан ўтказилди ва унинг натижаларига асос корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнидан суюқ чиқинди сифатида ташланувчи технологик сувларни тозалаш ва ишлаб чиқаришда ярим юмшатилган сув сифатида қайта ишлатиш лойиҳасини амалда татбиқ этиш учун университетнинг кимё факултети умумий ва нефт-газ кимё кафедраси доценти Орифжон Қодиров  билан учрашув ташкил этилди.

“Калцинацияланган сода ишлаб чиқариш жараёнидан суюқ чиқинди сифатида ташланувчи технологик сувларни тозалаш ва ишлаб чиқаришда ярим юмшатилган сув сифатида қайта ишлатиш” мавзусидаги лойиҳанинг мақсади – ишлаб чиқаришдан ташланаётган суюқ чиқиндилар кўламини камайтириш, энергоресурсларни тежаш ва экологик мувозанатни сақлашдан иборат.

Довуд Абибуллаев, ЎзА