Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилади.

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли  ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиши ҳамда давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиши мумкин бўлади.

Доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади.

Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 фоизида белгиланади.

Иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади.

Шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.

Шунингдек, ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси «Қон донорлиги ҳафталиги» деб эълон қилинди.

ЎзА