Оролбўйида 2022-2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари давом этмоқда.

– Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган ўнта олий таълим муассасаси ва уларнинг филиалларига 75 819 нафар абитуриент ўз ҳужжатларини онлайн рўйхатдан ўтказди, – дейди Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими бошлиғи Музаффар Абдуллаев. – Шундан 58 403 нафари ҳудудда тайёрланган биноларда тест синовидан ўтиши белгиланган. Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжатларини рўйхатдан ўтказишда Давлат хизматлари марказларининг ўрни алоҳида. Аҳолига яратилган қулайликлардан бири, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 23 596 нафари ДХМ орқали рўйхатдан ўтказилганлигидир.

Охирги йилларда ҳудуддаги олий таълим муассасаларининг сони ўнтага етган бўлса, жорий йилда Қорақалпоқ давлат университетининг Чимбой факультети ташкил этилиб, алоҳида квота ажратилди. Қорақалпоғистон Республикасида олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 4 та ҳудуддаги 8 та бинода ўтказилмоқда. Биноларнинг дислокацияси жорий йилнинг март ойида тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан тасдиқланди. Тест синовлари Нукус олимпия резервлари коллежининг 2 та спорт зали (1-2-бинолар) – 780 ўрин, Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаби спорт зали (3-бино)  – 390 ўрин, Қорақалпоқ давлат университетининг спорт саройи (4-бино) – 390 ўрин, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби (5-6-7-8-бинолар) – 750 ўрин, жами 2310 ўрин тайёрланди. Тест синовлари ўтказиладиган барча бинолар тест синовини ўтказиш талабларига мос келади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан бирга барча бино ва секторлар Низом талаблари асосида тайёрланди.

Абитуриентлардан тест синовларига фақатгина иккита ҳужжат – фуқаролик паспорти ёки ID картаси ва “Абитуриент рухсатномаси” билан келиш талаб этилади. Улар учун керакли бошқа барча нарсалар, яъни ичимлик суви, ручка Давлат тест маркази томонидан берилади. Қайд этиш жоизки, абитуриентлар учун кимё фанидан даврий жадвал, физика фанидан физик катталиклар бериб келинаётган бўлса, жорий йилдан бошлаб математика фани учун формулалар бериладиган бўлди.

Ҳудуддаги абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда тест синовлари 13 кун давом этади. Бунда тест синовлари икки сменада: 1-смена 07:00 дан 10:00, 2-смена 19:00 дан 22:00 га қадар бўлиб ўтмоқда. Тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари test2022.uz сайти орқали тест синовларини онлайн кузатиб бориши мумкин. Тест синовлари ўтказиладиган бино ва секторларнинг жойлашган ўрни, геолокацияси батафсил келтирилган.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА