Коллеж ва техникумларга қабул квоталари тасдиқланди. Бу ҳақида Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Коллеж ва техникумларга қабул параметрлари ҳақидаги хабарга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига асосан 2022/2023 ўқув йилида коллеж ва техникумларга кундузги, кечки, сиртқи ва дуал таълим шакллари бўйича жами 139 638 та қабул квотаси мавжуд.

Шундан 149 та коллеж учун — 59 460 та️, 194 та техникум учун — 80 178 та квота берилган.

Коллежлар учун республика бўйича кундузги таълим шаклига қабул квотаси жами 35 680 та этиб белгиланди.

Шундан: давлат гранти — 8 680 та, тўлов-контракт — 27 000 та.

Кечки таълим шаклига қабул квотаси жами 2 440 та. Бунда фақат тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин.

Қолаверса, сиртқи таълим шаклида ҳам фақат тўлов-контракт асосида ўқиш имкони бор ва унда жами 16 408 та қабул квотаси бор. Дуал таълим шаклига фақат тўлов-контракт асосида қабул квотаси эса 4 932 та этиб белгиланди.

Бу тизимда амалиётга йўналтирилган таълим дастурлари бўлади. Дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган муддатли меҳнат шартномасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши мумкин.

Ҳужжатлар ️kasb.edu.uz электрон платформаси орқали қабул қилинади. Қабул 15 августга қадар узайтирилган.

Техникумларга республика бўйича кундузги таълим шаклига қабул квотаси жами 54 461 та этиб белгиланди.

Шундан: давлат гранти асосида — 14 536 та, тўлов-контракт асосида — 39 925 та.

Техникумларда кечки таълимда ўқиш учун жами 2 320 та қабул квотаси бор. Топширувчилар фақат тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин.

Жами 19 590 та қабул квотаси сиртқи таълимга ҳужжат топширувчилар учун киритилди. Дуал таълим шаклига қабул квотаси эса жами 3 807 та. Мазкур таълим шаклларида ҳам фақат тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин.

ЎзА