Ёзги таътилнинг энг қизғин кунлари – абитуриентларнинг имтиҳон топшириш мавсуми бўлса керак. Айни кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ана шундай тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Давлат тест марказидан олинган маълумотга қараганда, жорий йил ҳам абитуриентлар 5 тагача таълим йўналишини танлаши мумкин. «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорга кўра, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишини ҳамда бир вақтнинг ўзида турли таълим шаклини танлаш ҳуқуқи берилган. Рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналиши устуворлигига қараб, дастлаб давлат гранти, кейин тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш имкони мавжуд.

2022-2023 ўқув йили учун абитуриентлар онлайн рўйхатга олинган. Жами рўйхатдан ўтганлар 1 214 232 нафар.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳар хил имтиҳон турли даражадаги тайёргарликни талаб қилади. Масалан, тест хотира, диққат ва мантиқий фикрлашни талаб этади. Оғзаки имтиҳонда эса риторика, актёрлик маҳорати ва бошқа жиҳатлар устун келади.

Дунё мамлакатлари ёшлар салоҳияти, билим ва қобилиятини синовдан ўтказиш учун турфа синов усулидан фойдаланади. Яъни, имтиҳон турли давлатларда ўзгача бўлади.

Норвегияда талабалари ҳам, битирувчилар ҳам ҳар қандай тест ёки имтиҳонни алдашга йўл қўймайдиган махсус дастурий таъминот ўрнатилган ўқув ноутбукида топширади.

Бразилиядаги Ягона давлат имтиҳони муқобили – ENEM хоҳишга қараб олинади. Бунинг учун 6 ой олдин рўйхатдан ўтиш лозим. Исландия, Швейцария, Кипр ва Филиппиндаги мактаблар имтиҳонларни ўз тизимига мувофиқ ўтказади. Гонконг ва Таиландда талабалар 2 та – мактабдаги битирув ва давлат томонидан марказлаштирилган имтиҳон топширади. Дунё миқёсида атиги 19 давлат марказлаштирилган имтиҳон жорий этган.

Хитойда ягона давлат имтиҳонининг маҳаллий аналоги – “Гаокао” деб аталадиган синов бир вақтнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб ўтказилади. Мазкур тартиб дунёдаги энг мураккаб ва қаттиқ тизимлардан биридир. Имтиҳон учун талаба фақат энг керакли нарсаларни олиши мумкин: қалам, циркуль, ўлчагич. Қолган ҳамма нарса, ҳатто, ичимлик суви ҳам тақиқланган.

Имтиҳон топширишга 2 кун ажратилади. Биринчи кун эрталаб талабаларга хитой тили ва адабиётидан жавоб бериш учун 2 ярим соат берилади. Тушликдан кейин чет тили ва математика фани учун яна шунча вақт ажратилади. Кейинги кун эрталаб болалар иккинчи мажбурий фандан ўтади. Кечқурун ўзлари танлаган (университетга қараб) иккинчи фанни топширадилар. Натижалар ҳар доим объектив, чунки жараён инсон омилининг олдини олиш учун мукаммал компьютерлаштирилган.

Италияда тизим Таълим вазирлиги расмий стандартига мувофиқ марказлаштирилган. Талабалар вазирлик танловига кўра, 2 та ёзма имтиҳон, федерал ҳокимият комиссияси томонидан иккита фан бўйича битта оғзаки имтиҳон топширади.

Америка мактабларида якуний имтиҳон жуда оддий – билим захираси нуқтаи назаридан Европа болалари 7-8-синфда топширадиган тестга тўғри келади. Коллеж ёки университетга кириш учун талаба 3 қисмдан иборат қўшимча стандартлаштирилган тест топширади: математика, композиция, матн таҳлили. Битирувчи тестдан ўта олмаса, унга яна 5 марта қайта топшириш имкони берилади.

Университет ва коллежга кириш тест синовида стандарт билимдан ташқари, ўрганиш қобилияти ҳам текширилади. Бунда ягона комплекс имтиҳондан ташқари алоҳида фанлар – тарих, физика, чет тили бўйича ҳам тест мавжуд.

Франция имтиҳон тизими америкаликлар ва русларникидан тубдан фарқ қилади. Кўпгина гуманитар фанлар бўйича 4 соат ичида иншо ёзиш вазифаси мавжуд. Табиий фанлар ва математикадан ўтиш учун тест мавжуд. Имтиҳондан ўта олмасангиз, бу келажак тақдирингизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Зеро, бу мамлакат фуқаролари Франция университетларига танловдан ташқари ҳам қабул қилинади. Агар энг нуфузли университетлардан бирида ўқишни ният қилсангиз, махсус танловдан ўтишингиз керак бўлади. Бунинг учун аввал ички имтиҳон топширган ҳолда лицейда 2 йиллик мажбурий ўқишни битириш шарт.

Буюк Британияда билим бал билан эмас, балки 8 баллик тизимдаги ҳарфлар билан баҳоланади. Энг юқори баҳолар – А*, А, Б ва C. Оддий университетга кириш учун 2-3 та фандан имтиҳон топшириш керак. Бундай имтиҳонга мактабнинг сўнгги икки йилида тайёргарлик кўрилади. Абитуриент бир вақтнинг ўзида 6 олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин. Агар университет талабага қизиқиш билдирса, таклиф юборади. Талаба ўзи учун энг маъқул бир асосий ва бир захира ўқиш жойини танлайди. Агар “А” босқичи муваффақиятли топширилса, танланган университет ўқувчини ўз талабаларидан бири сифатида қабул қилади.

Туркияда икки босқичли имтиҳон дастури қабул қилинган. Дастлаб талаба турли фанлардан 160 саволдан иборат якуний тест топширади. Абитуриент минимал балл тўпласа, университетга кириши ва мутахассислик бўйича бир ёки бир неча тематик имтиҳон топшириши мумкин. Қарор қабул қилишда университет иккала имтиҳон натижасига таянади. Ҳар тўртинчи абитуриент Туркия университетларига ўқишга киради. Шу сабабли мамлакатда ўқишга киришга тайёргарлик кўриш учун тижорат ташкилотлари тизими ишлаб чиқилган.

Финландияда касб-ҳунар таълими муассасаларига талабгорлар ҳеч қандай имтиҳонсиз, мактабни тамомлагандан сўнг кириши мумкин. Университетга кириш учун 3 йил гимназияда ўқилади. Кейин миллий имтиҳонлардан бирини топшириш лозим. Одатда имтиҳондан ўтиш қийин кечмайди. 2 нафар ўқитувчи кузатувчи вазифасини бажаради. Ҳеч ким маълумотнома ёки луғатдан фойдаланишни тақиқламайди.

Жанубий Кореяда умумий қабул қилинган якуний имтиҳон мавжуд эмас. Фуқаро мактабни тугатгани тўғрисидаги сертификат билан таълим олиши мумкин. Университетга кириш учун 4 та асосий йўналиш – корейс ва инглиз тиллари, тарих ва математикадан имтиҳон аналогини топшириш зарур. Бундан ташқари танлаш учун яна учта фан бўйича имтиҳон топшириш мумкин. Саволлар бир вақтнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб марказлаштирилган ҳолда очилади. Имтиҳонга фақат ручка ва қалам билан кирилади.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ва бошқа давлатлардаги имтиҳонлар ўртасида муайян фарқ ёки ўхшашлик мавжуд. Бинобарин, абитуриентлар, уларнинг имтиҳон давридаги ички кечинмалари ҳамма жойда бир хил – кучли ҳаяжон, қўрқув ва жавобгарликни ўз зиммасига олиш. Ана шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечираётган барча йигит-қизларга омад тилаймиз!

Гўзал Сатторова,

ЎзА