Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида нодавлат таълим ташкилотлари салмоғини ошириш ҳамда уларда таълим сифатини таъминлашга оид ишлар хусусида матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз томонидан юртимизда нодавлат таълим ташкилотлари салмоғини ошириш, уларга зарур шароитлар яратиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу вазифа ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш йўлида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, фуқароларнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда, янгича тартиблар ишлаб чиқилди. Бу жараёнлар йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда.

Соҳадаги ислоҳотлар икки босқичда амалга оширилди: биринчи босқичда 2017-2018 йилларда нодавлат таълим ташкилотини очиш истагида бўлган тадбиркорлар учун нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик, уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, тегишли ҳужжатларни бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлашга эришилди.

Лицензия учун талабгорлар томонидан топшириладиган ҳужжатлар сони 9 тадан 5 тага қисқартирилди.

Ушбу соддалаштирилган тартиб асосида Таълим инспекцияси томонидан белгиланган талабларга жавоб берадиган 4 мингдан ортиқ нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар расмийлаштириб берилди.

Натижада нодавлат таълим ташкилотлари сони 2017 йилда 512 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 5678 тага етди. Яъни, сўнгги беш йилда уларнинг сони қарийб 11 баробар ошди.

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб мактабдан ташқари таълим ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари хабардор қилиш тартибида ташкил этилмоқда. Ҳозирда уларнинг сони 1 671 тага етди.

Иккинчи босқичда Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида янги лицензия талаблари ва шартлари ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон ва 2022 йил 25 февралдаги 88-сонли қарорлари билан тасдиқланди.

Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб нодавлат таълим ташкилотларига қўйилган талаблар аниқ бандма-банд кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда нодавлат таълим ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди, улардаги фаолият бўйича нормалар тартибга солинди.

Айнан шунинг учун ҳам 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг 41-мақсаддаги вазифалардан бири сифатида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилда 8 фоизга, шу жумладан, 2022 йилда 3 фоизга ошириш белгиланган.

Шунингдек, 49-мақсадда 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш, хусусан, 2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та нодавлат олий таълим ташкилотига лицензия берилди.

Биронта ҳам нодавлат олий таълим ташкилоти бўлмаган Қашқадарё, Наманган, Самарқанд каби вилоятларда жорий йилда хусусий институтлар иш бошлади.

Ҳозирги пайтда битта ҳам нодавлат олий таълим ташкилоти бўлмаган Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларининг маҳаллий ҳокимликлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда инспекция томонидан лицензияланган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 42 тага етди. Жорий йил 15 июнь куни Президентимиз раислигида аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорларни жалб этган ҳолда хусусий коллеж ва техникумларни ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида хусусий коллеж ва техникумларни ташкил этиш учун қуйидаги имтиёзлар беришни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳага кўра, хусусий коллеж ва техникумга лицензия олиш талаблари енгиллаштирилмоқда. Шунингдек, бўш биноларни узоқ муддатга ижарага бериш, хориждан келтириладиган адабиётлар ва ускуналарни божхона тўловларидан озод қилиш, халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан мукофот тўлаб бериш ҳамда эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизини қоплаб бериш шулар жумласидандир.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фақат лицензия бериш билан чекланиб қолмасдан, ўз ваколати доирасида нодавлат таълим ташкилотларида лицензия талаблари бажарилишини назорат қилади. Қонунчиликда белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатишга, улардаги таълим сифатини ўрганишга ҳамда бу борада тегишли таклиф ва тавсиялар беришга ҳаракат қилади.

Анжуманда медиа соҳа вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Н.УСМОНОВА, ЎзА