2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш»га эътибор қаратилган.

Бу азалдан аёлни эъзозлашга қаратилган, аждодлардан мерос анъаналарни давом эттиришга йўл очувчи муҳим омил. Зеро, тарихдан юртимизда хотин-қизларга бўлган муносабат доим юксак даражада бўлиб, аждодларимиз уларни она, ёр, опа, сингил сифатида қадрлаб келган.

Ана шундай урф-одат ҳамда анъаналаримизни чуқур ўрганиш, хотин-қизларнинг ўзбек давлатчилиги тарихидаги ўрни ва хизматларини тадқиқ ва тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари ҳам миллий онгни тарбиялаш, замонавий билимларни ўзлаштиришда тарих фанининг алоҳида ўрни борлигини алоҳида таъкидлаган.

«Ўзбек хотин-қизларининг давлатчилик тарихидаги ўрни ва хизматлари» мавзусида ташкил этилган умуммиллий йиғилишда шу ҳақда сўз юритилди.

Олий Мажлис Сенати раиси – Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очган мажлисда хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини оширишга ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ҳар бир соҳада бой тарихимизга мурожаат этишимиз, уни ўрганишимиз ҳамда тегишли хулосалар чиқаришимиз биз учун муҳим, – деди Танзила Норбоева. – Шуниси аниқки, ўзбек аёллари ҳар қандай вазиятда ўзлигини унутмаган. Не-не алломаларни, буюк шахсларни тарбиялаб вояга етказган. Бироқ, шуни афсус билан айтиш мумкинки, ҳали-ҳануз ўтмишда ўзбек аёллари гўёки тўрт девор орасида, ҳақ-ҳуқуқсиз, билимсиз, заифа тарзида турмуш кечирган, деган нотўғри тушунча бор. Аммо ўз даврида давлат бошқаруви, ҳарб иши, юрт ҳимояси, таълим-тарбия, адабиёт, дин каби соҳаларда фаол қатнашган Тўмарис, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби буюк аёлларимиз бўлган. Мана шундай ибратли ҳаёт йўлига эга, ватанпарвар аёлларнинг фаолиятини ўрганиш, уларнинг юрт тараққиёти йўлида олиб борган улкан ишларини кенг тарғиб қилиш олима аёлларнинг асосий вазифаларидан биридир.

Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрнини тобора кучайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етди. 1,5 мингга яқин хотин-қиз мутахассис турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланди.

«Аёлларга илм бериш – жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш» деган ақида амалда ҳаётимизга татбиқ этилмоқда.

Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон Миллий архивда сақланаётган ноёб вақф ҳужжатлари намойиш этилди.

Мазкур вақф ҳужжатлари Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонлиги даврида яшаган турли тоифа аёллар томонидан мадраса, мактаблар фаолияти ва бошқа эзгу маърифий амалларга атаб ўз бойликларини хайр-эҳсон қилинганини тасдиқлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон кино, фото ва овозли ҳужжатлар Миллий архивида сақланаётган суратлар кўргазмасида миллий либос ва тақинчоқлар, ҳунарманд, ижодкор аёлларнинг иш жараёнлари акс этган.

Н.Абдураимова, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА