Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017–2021 йиллар давомида «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида мамлакатимизда изчил амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, эришилган натижалар «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»га мустаҳкам пойдевор бўлди. Қолаверса, амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам ортишига хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида ташқи сиёсат йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда етакчи хорижий давлатлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатлари, шунингдек минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида миллий манфаатларга асосланган ташаббусларни илгари сурилиши ва уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда обрўси ортиши билан бирга, минтақамиз улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланди.

Бугунги кунда жаҳонда, хусусан минтақамизда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсий фаолият соҳасида ўзининг асосий принциплари, стратегик мақсад ва вазифаларига собит қолмоқда.

Сўнгги йилларда такомиллашаётган ташқи сиёсатга оид миллий қонунчилик (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси ва бошқалар ) ҳамда  Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланган қатъий сиёсий позицияга мувофиқ, яъни бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, куч ишлатмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш қоидаларига амал қилиш, шунингдек ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини мамлакат ҳудудида жойлашишига ва ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операциялар ва ҳарбий можароларда иштирок этишига йўл қўймаслик каби тамойилларга асосан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати батамом янги мазмун-моҳиятга эга бўлди.

Маълумки, жорий йилнинг 28 январида қубул қилинган 100 та мақсад ва 7 та устувор йўналишдан иборат «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонинг тараққиёт стратегияси» ҳамда мазкур Стратегияни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида «очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш»га оид бир қатор стратегик мақсадлар ва вазифалар белгиланган.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясида (93-100 мақсадлар):

  • Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш;
  • Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш;
  • Анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш;
  • Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш;
  • Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш;
  • Жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имиджини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш;
  • Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби аниқ ва муҳим стратегик мақсадлар ўз аксини топган.

Шунингдек, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурининг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналиши бўйича ҳам қатор долзарб вазифалар белгиланган.

Жумладан, Марказий Осиё давлатлари, анъанавий ҳамкор ва етакчи мамлакатлар, шунингдек нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантириш, улар билан мувозанатли ва доимий мулоқот олиб бориш орқали мамлакат миллий манфаатларини фаол илгари суриш  назарда тутилган.

Қолаверса, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши бўлмиш Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида олий даражадаги мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликнинг барча форматдаги механизмларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Бу борада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ҳар йили мунтазам ташкил қилишни таъминлаш ва уларда фаол иштирок этиш ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича вазифалар муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, аниқ чора-тадбирлар қаторида чегараолди эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда «Хитой – Қирғизстон – Ўзбекистон» темир йўллари лойиҳаларини жадаллаштириш, қўшни давлатлар билан Орол денгизи қуриши салбий оқибатларини бартараф этиш йўлида ҳамкорликни жадаллаштириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўп қиррали муносабатларини ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, МДҲ мамлакатлари билан анъанавий стратегик ҳамкорликни жадаллаштириш, шунингдек турли минтақасидаги стратегик шериклар ва ҳамкорлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, БМТ ва унинг муассасалари билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ташқи сиёсатда иқтисодий дипломатия самарадорлигини ошириш, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорига самарали кириш сингари устувор вазифалар белгиланган.

Айниқса, Тараққиёт стратегиясининг 7-устувор йўналишининг
95-мақсадида назарда тутилган ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Осиё-Тинч океани, Америка, Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка минтақасидаги ҳамкорлар билан мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда мазкур минтақалардаги мамлакатларининг истиқболли бозорларига экспорт ҳажми ва номенклатурасини ошириш, улар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш кўзда тутилган. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистоннинг ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришда мавжуд ва истиқболли ҳамкорлар билан иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, кичик ва ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари ўртасида бевосита иқтисодий муносабатларни ўрнатиш, шунингдек, уларнинг географик жойлашуви, мавжуд транспорт-логистик имкониятлари, у ёки бу соҳаларда ўзаро тўлдирувчанлик хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳамда мамлакатлараро ёндашув тамойилларига асосланиб икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Эътиборлиси, мамлакатимиз йил бошидан буён 3 та хорижий давлатлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Хусусан, Антигуа ва Барбуда Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 141-давлат бўлди. Мазкур давлат Кариб денгизининг ғарбий қисмида жойлашган, БМТ, Британия Ҳамдўстлиги, шунингдек, Америка давлатлари ташкилоти аъзоси ҳисобланади.

Қолаверса, жорий йилда Ўзбекистоннинг учта нуфузли халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларида раислик қилиши, шунингдек мамлакатимизда ва хорижда ҳамкор давлатлар раҳбарлари иштирокида олий даражадаги самарали учрашувларнинг мунтазамлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирда жаҳон миқёсида кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси, глобал иқтисодий инқироз, таъсир доираси ва табиий ресурслар учун тобора авж олаётган минтақалардаги геосиёсий рақобат ва мафкуравий кураш шароитида Ўзбекистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро майдонда ўзаро манфаатли, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни изчил олиб бориш, миллий манфаатларни фаол илгари суриш долзарб аҳамият касб этади. Ўз навбатида, «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да белгиланган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат йўналишидаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш ва стратегик мақсадларга эришиш, хусусан, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш алоҳида эътиборга моликдир.

Фаррух Хакимов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи