Қорақалпоғистонлик дам олувчилар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Бу ҳақида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” санаториясида дам олаётган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидан келган  200 нафар нуроний отахон ва онахонлар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

– Туманимизга бириктирилган Қашқадарё вилояти мутасаддиларидан жуда мамнунмиз, – дейди Қўнғирот тумани нуронийлар кенгаши раиси Адилбай Нуриллаев. – Уларнинг ташаббуси билан туманимиз ободончилигига катта ҳисса қўшилмоқда, ҳудудимизда янги иш ўринлари яратилмоқда. Бизнинг шундай сўлим сиҳатгоҳда ҳордиқ чиқариб, саломатлигимизни тиклашимизга, қолаверса, тиббий кўрикдан ўтишимизга имконият яратиб берган масъулларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Тиббий кўрик жараёнида вилоят ва туман марказидан келган тор соҳа мутахассислари томонидан меҳмонлар саломатлиги назоратдан ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди.

Маълумот ўрнида: Президентимизнинг жорий йил  23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига  ташрифи чоғида Оролбўйини биргаликда ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси туманлари муайян вилоятлар, жумладан, Қўнғирот тумани Қашқадарё вилоятига бириктирилган эди.

Шунга биноан, тегишли “йўл харитаси” ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимининг қарорига асосан қўнғиротлик нуронийлар ва ёшларнинг ёзги мавсумда мароқли дам олиши учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 740 миллион сўм ажратилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА