Бугунги кунда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тобора долзарб муаммога айланиб бораётгани барчамизга яхши маълум. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда аҳолининг табиий меваларга, сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, иқтисодиётнинг аграр йўналишида экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб бориляпти.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг «Ғайрат» массивидаги янги ташкил этилган узумзорда ҳамда Андижон вилоятининг «Грен Анд Гарден Инвестмент» акциядорлик жамияти ҳудудида «Адир ҳудудларида замонавий боғ – токзорлар барпо этиш орқали иш ўринларини яратиш» мавзусида республика семинари ўтказилди.

Унда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги бош директори Х.Каримов, Андижон вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи С.Эсонов, агентликнинг раҳбар ўринбосарлари, марказий аппарати бўлим бошлиқлари, ДУК раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бўлим бошлиқлари иштирок этди. Семинарда қисқа муддат ичида замонавий токзорлар барпо этиш борасида бажарилган ишлар ўрганилди.

Семинарда тақдим этилган маълумотга кўра, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 430 гектар ер майдонида барпо этилган узумзор 1500 нафар кам таъминланган ва ишсиз фуқароларга бўлиб берилган. Узумзор ташкил этилишида 5 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилган.

Андижон вилоятининг Асака туманида эса 600 гектарлик узумзор барпо этилмоқда. Мазкур узумзор боғда қуёш панеллари орқали ёритиш чироқлари ўрнатилган, 180 метр баландликка 315 кв.ли 2 та сув насоси орқали сув олиб чиқилади. Боғларни суғоришда «томчилатиб суғориш» усулидан фойдаланилади. Келгусида бу боғда узумнинг «Аватар», «Ризамат ота», «Тойфи» ҳамда интенсив боғда ўрик навларини етиштириш режалаштирилмоқда. 800 та доимий, 5 минг 700 та мавсумий иш ўринлари ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида экотуризмни ҳам ривожлантириш кўзда тутилган. Айни пайтда 100 гектардан ортиқ майдонга узум токлари учун бетон таянчлар ўрнатилган. Дам олиш масканида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Семинарда айтилганидек, адирликда барпо этилаётган узумзор ландшафти ва истироҳат лойиҳаси архитектор Сема Акдениз, Эрдал Аййилдиз томонидан тайёрланган. Келгусида шундай йирик лойиҳалар бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этилади.

 

М.Комилова, ЎзА