Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз ҳаёти учун ғоят муҳим масала – давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун  билан белгиланаётган янги тизим тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими ва ДСҚ раиси янги тизим орқали қандай натижаларга эришгани ҳақида ахборот берди.

Уларнинг ҳисоботини тинглаб, давлатимиз раҳбари йил якунигача ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимини барча идораларда жорий қилиш топшириғини берди.

Бунинг учун, икки ой муддатда олийгоҳлар дипломлари ва меҳнат дафтарчаларини мавжуд электрон базага тўлиқ киритиб, уни Танлов электрон платформасига интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

Йил якунига қадар 4 мингта бўш лавозимга танлов ўтказиш топширилди.

–Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарур. Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими бир ой муддатда Ёш мутахассисларни танлаш дастурини эълон қилади. Дастур доирасида олийгоҳларнинг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшлар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, танлов асосида ишга қабул қилинади. Бунда, нафақат ўзимиздаги олийгоҳ талабалари, балки нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз ҳам қамраб олинади, – деди Президент.

ЎзА