24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Туркия етакчиси давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта зафарлар, шунингдек, биродар Ўзбекистон халқига тараққиёт ва равнақ тилади.

Президент Режеп Таййип Эрдоған Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Икки томонлама ҳамкорлик ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражада эришилган, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда гуманитар алмашинувни фаоллаштириш борасидаги келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжоннинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари даражасида кўп томонлама маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш ташаббусининг амалий аҳамияти қайд этилди. Жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.