Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан телефон орқали мулоқот қилди.

Россия Парламентининг юқори палатаси Раиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклади ҳамда унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар стратегиясини амалга оширишда катта муваффақиятлар тилади.

Суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Яқин ва самарали парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бу Ўзбекистон-Россия дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Минтақавий ҳамкорлик доирасида жорий йил май ойида Ашхобод шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг парламентлараро форуми муваффақиятли ўтказилди. Октябрь ойида Тошкент шаҳрида МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон етакчиси икки мамлакат парламентлари ўртасида яқин ва сермаҳсул ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.